Фарғона тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Водил маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи М.Ишмуҳамедовнинг ичимлик суви тўловларидан асоссиз қарздорлик ҳисобланаётганлиги тўғрисидаги ёзма мурожаати ўрганилди.
Мурожаатчига кўра, ичимлик суви таъминоти корхонасидан уларга бириктирилган АВ 07……10 ва АВ 07……11 абонент рақамларида қарздорлик мавжудлиги ва мазкур қарздорликларни бартараф қилиш лозимлиги бўйича телефон рақамига СМС хабарнома келгач, у 28.12.2022 йил кунида ичимлик суви таъминоти корхонасига келиб, 160 минг сўм миқдорида тўловларни амалга ошириб кетади. Лекин шу куннинг эртасига телефон рақамига яна қарздорлик мавжудлиги тўғрисида СМС хабарнома келади.
«Истеъмолчи мурожаати асосида Фарғона туман жамияти мутахассислари томонидан «Фарғона сувтаъминоти» МЧЖ туман бўлими масъуллари билан ўтказилган ўрганишлар натижасида АВ 07……10 абонент рақамига ҳисобланган 438719 сўм ва АВ 07……11 абонент рақамига ҳисобланган 334848 сўм қарздорликнинг нореал қарздорлик эканлиги маълум бўлди. Ўрганиш натижаларига кўра, нореал қарздорликни тегишли тартибда ҳисобдан чиқариш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, истеъмолчига бу ҳақда ёзма жавоб хати юборилди», – дейди Фарғона туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси Фарходжон Расулжонов.
Шу ерда истеъмолчиларимизга алоқа воситалари (интернет, СМС) воситасида келган хабарларни дастлаб ҳақиқатга мослиги, қандайдир адашмовчилик йўқлиги каби ҳолатларга текшириб кўришни, умуман айтганда медиасаводхон бўлишни тавсия қилиб қолар эдик.