Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятилари федерациясининг «1091» қисқа рақамли ягона ишонч телефонига мурожаат қилган Олтиариқ тумани Повулғон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро М.К. ”Ҳудудгаз Фарғона“ газ таъминоти филиали туман бўлими томонидан хонадонида фойдаланилмаган табиий газ учун 1 млн 700 минг сўм асоссиз қарздорлик хисобланганлигидан норозилигини билдириб мурожаат этган.
Мазкур мурожаатни туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганиш ишлари ўтказиш жараёнида мурожаат муаллифи яшаб келаётган ҳудудга табиий газ тармоғи тортилганлиги ва аҳоли табиий газ тармоғига уланганлиги кузатилди. Шунингдек, мурожаатчи томонидан маълум қилинган манзилдаги хонадон ҳам газ тармоғига уланган ҳамда хонадонга «РОТОР» русумли газ ҳисоблагич ускуна ўрнатилган. Туман газ идорасида М.К га алоҳида абонент рақами очилган.
Мурожаатчига кўра, хонадонда вақтинча хеч ким яшамаганлиги учун муайян вақт давомида табиий газдан фойдаланилмаган. Фақатгина фуқаро 2022 йилнинг декабр ойида хонадонига замонавий газ ҳисоблагич ўрнатилишини сўраб туман газ идорасига мурожаат қилган вақтида 1 млн 700 минг сўм миқдоридаги қарздорликдан хабар топган.
Ўрганиш ишлари давомида ҳолатга аниқлик киритилиб, фуқаро хонадонига ҳисобланган қарздорликнинг асоссизлиги маълум бўлди ҳамда ушбу ҳолат бўйича “Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиалига алоқа хати юборилиб, истеъмолчига ҳисобланган нореал қарздорликни ҳисобидан чиқарилишига эришилди.