Марказий Осиёнинг учта мамлакати журналистлари иштирокида «World2you» лойиҳасининг Mediacamp қисми бўлиб ўтди

Қозоғистонинг Олмаота шаҳрида World2you лойиҳаси доирасида Media Camp ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистондан 30 нафар журналистлар иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчиларига Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонлик медиа экспертлар: Жамшид Маъруфов, Беруний Алимов ва Татьяна Голубцовалар томонидан бири-биридан қизиқ ва долзарб мавзуларда тренинглар ўтилди. Эътиборлиси, тренинг машғулотлари замонавий интерфаол ҳамда тингловчилар билан доимий қайта алоқа усулларидан фойдаланган ҳолда олиб борилганлиги ҳар бир иштирокчи томонидан мавзу тўлақонли ўзлаштирилишига ва мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб боришига имконият яратиб берди.

Ҳар бир медиа эксперт машғулоти гуруҳларда ишлашни талаб қилувчи амалий топшириқларни бажариш билан якун топди. Медиа эксперт маърузаси ва унинг якуни бўйича амалий топшириқ шундай тартибда берилдики, журналистларнинг ҳар бир гуруҳи бўйича якунда яхлит бир материал – лонгрид вужудга келди.

Media Campнинг ҳар бир кунида бир давлат вакилларининг ўз мамлакатини таништириши учун алоҳида вақт ва имконият ажратиб берилганлиги тадбирга ўзига хос шукуҳ бағишлади.

Тадбир Evrosiyo жамғармаси ва USAID ёрдамида, Biznes-Psixologiya-Media Assotstiatsiya ва Yangi media ta’lim markazi ҳамкорлигида ўтказилиб, унинг якунларига кўра иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.

Ғайрат МАМАТКУЛОВ,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси сектор бошлиғи