Қафасдаги болалар: вояга етмаганлар жинояти билан қандай курашиш керак?

Мамлакатимизда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун ҳамма ҳаракат қилади: ота-она, ўқитувчи, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва маҳаллалар, лекин шунга қарамай, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик статистик маълумотлари ошиб бормоқда. Нега ўғил-қизлар «ўсмирлик жари»га тушиб қолишади, деган савол Самарканд вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, подполковник Маъруф Шермуҳамедовга мурожаат қилдик.

– Ҳар бир замоннинг ўз «ўсмирлик жари» – қаровсиз ва носоғлом оила фарзандлари бор. Афсуски, ҳозир ҳам улар кам эмас. Бугун давлатимиз болалик муаммолари билан ҳар жабҳада курашса-да, айрим ўсмирларни жиноят олами ўзига тортаверади, – сўзини бошлайди суҳбатдошимиз. – Жорий йилнинг тўққиз ойида ана шундай 74 нафар ўсмир жиноят содир этган бўлса, уларнинг 63 нафари мактаб ўқувчилари томонидан содир этилгани ачинарли ҳол, албатта. Жиноятлар орасида етакчи ўринларда ўғирлик, ундан кейин тан жароҳати бўлса, безорилик биринчи учликни ёпади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, безорилик, майда ўғирлик қилган вояга етмаганлар кейинчалик оғирроқ ҳуқуқбузарликларга киришади. Агар ана шунга мойил болалар ўз вақтида аниқланмаса ва уларга кўча жиноятига альтернатива топилмаса, яъни бўш вақтини тўлдириш ёки меҳнатга жалб этилмаса, бир неча йил ўтар-ўтмас улар катта жиноятларга қўл урмаслигига кафолат йўқ. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳукумат органларининг бу борадаги асосий вазифаси – хулқ-атвордаги ўзгаришларни аниқлаш, ўсмирларни жиноят содир этишга ундайдиган сабабларни бартараф этишдан иборат.

– Ҳуқуқбузарликлар олдини олишга комплекс ёндашамиз: булар ходимларимиз томонидан вилоятдаги бошқа таълим муассасалари қатори, умумтаълим мактабларида ҳам тушунтириш ишлари, “қийин ўсмирлар” билан индивидуал суҳбатларни ўз ичига олади. Шунингдек, маҳаллий психолог инспекторлар томонидан таълим муассасаларидаги давомат таҳлил қилиниб, тунги ва бошқа рейдлар ташкил этилмоқда, – дейди подполковник Шермуҳаммедов. – Сўнгги янгиликлардан бири – олий ўқув юртларида янги ўқув йилидан ёшлар билан ишлаш инспекторлари иш бошлади. Олийгоҳларда хавфсизлик ва жиноятлар олдини олиш учун масъул – «Ёшлар билан ишлаш инспектори» нафақат ходим, балки биринчи навбатда нозик психолог ва малакали педагогдир. Бу ўзига хос характерга эга, «қарамоғидаги»ларга нисбатан сезгир ва дўстона, тўғри сўз ва зарур ёндашувни илғай оладиган масъулдир.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ресторан, тунги клуб, компьютер марказлари, кафе ва барларда тунги рейдлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил бошидан амалга оширилган 800 дан ортиқ тунги рейдларда асосан 200 га яқин умумтаълим мактаблари ўқувчилари ушланган.

Бундан ташқари йил бошидан буён 1385 нафар ўқувчи дарсдан қочган, 248 нафар ўқувчи ўқитувчиларга нисбатан ҳурматсизлик қилган, 1075 нафар ўқувчи мактабда “разборка” уюштирган, 359 нафар ўқувчининг ноқонуний жиҳоз олиб юргани аниқланган. Оиладаги турмуш шароитини ўрганиш мақсадида уларнинг ҳар бири билан суҳбат ўтказилган.

Жиноят содир этаётган ўсмирларнинг шахсияти ва турмуш шароити таҳлили шуни кўрсатдики, унинг аксарияти рўйхатдан ўтган таълим муассасаларига боришмайди ёки узрли сабабларсиз кўп дарс қолдиришади. Бундан ташқари, уларнинг ярмидан кўпи тўлиқ бўлмаган оилада тарбияланган, аксариятида бўш вақтлари ташкил этилмаган.

– Ички ишлар органи ходимининг иш принципи шифокорникидек бўлиши керак: «зиён етказма – айниқса, ўсмирлар ҳақида гап кетганда, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича катта инспектори, катта лейтенант Нилюфар Сатторова. – Буни аниқ тушуниш керак: баъзида ҳатто рўйхатга қўйиш ҳам йигит ҳаётини бузиши мумкин. Бинобарин, жиддий гаплар етарли. Мен буни шахсий тажрибамдан биламан: афсуски, шундай болалар борки, уларни фақат ахлоқ тузатиш тизимининг қатъий чегараси тўхтата олади. Аммо ҳамма жойда индивидуал ёндашув зарур.

Шубҳасиз, ота-оналар фарзандлари учун масъулдирлар. Аммо фарзанд тарбиялаш ва ўқитиш бўйича ўз мажбуриятини бажармаган 2435 нафар ота-онага нисбатан маъмурий жарима қўлланилганига нима дейиш мумкин?! Ачинарлиси, вояга етмаганлар хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатадиган ота-оналар бор – улар спиртли ичимлик истеъмол қилади, ҳатто фарзандини ишлаш ёки тиланчиликка мажбурлайдиганлар бор. Бундай ота-оналар сони 1323 нафар бўлиб, улар ҳам рўйхатга олинган. Ўтган йили уларнинг сони 314 тани ташкил этган эди.

Тўққиз ой давомида 523 нафар вояга етмаганлар касбий ҳисобда турган бўлса, ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 273 тани ташкил этган. Кўрсаткичлар ўсиши вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг кўпайиши билан боғлиқ.

Вояга етмаганлар ўртасида жиноят содир бўлмаслиги учун нима қилиш керак, деган саволга суҳбатдошимиз шундай жавоб берди:

Фарзандингиз билан норасмий, самимий мулоқот қилиш учун кунига камида бир соат вақт ажратинг. У билан алоқани йўқотманг, энг муҳими, унинг кўз ўнгида ота-оналик обрўйингизни туширманг. Агар сиз ичсангиз ва болага бунинг ёмон одатлигини таъкидласангиз, таъсири аксинча бўлади. Боланинг ёмон хулқ-атвори эрта ёшданоқ шаклланиши керак бўлган меъёр ҳақида тушунча етишмаслигидан ҳам келиб чиқади.

Замира БАЛТАЕВА