UzTREND жамоаси ўзининг янги мультимедиа лойиҳаси. “Тупроқ тузи” деб одатда инсоният жамиятининг етук вакиллари, энг сара инсонларига айтилади.
Учинчи ҳикоя
Бир куни беш дўст чойхонада йиғилишибди. Темирчи Саид ва балиқчи Коля амаки тушликдан сўнг бир пиёладан чой ичишибди. Электрчи Санжар қарийб уч, ҳокимиятдаги Жаҳонгир тўрт, фермер Фарҳод эса… тўқсон бир пиёла чой ичибди.
Бу расм, гарчи статистика нуқтаи назаридан бироз қўпол бўлса-да, бугун Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқлари сув ресурсларидан қанча миқдорда фойдаланаётганини яққол кўрсатиб турибди.
Дунёдаги глобал ҳолат бироз бошқача, қолаверса, маълумотларда ҳам фарқлар кўзга ташланади. Аммо сайёрамизда истеъмол қилинаётган сувнинг ўртача 63-70 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади.
Келинг, яхшиси ўз уйимиз – Ўзбекистонга қайтайлик. Юқоридаги инфографикадан кўриниб турибдики, қишлоқ хўжалиги соҳасига сувни тежовчи технологияларни жорий этиш – нафақат ўта зарур, балки стратегик аҳамиятга эга масала.
Учинчи ҳикоямиз қаҳрамони Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи фермер Воҳид Музаффаровдир. У асосан нок ва гилос етиштиради. Ҳар йили 200 тоннагача маҳсулот экспортга, қолгани эса Ўзбекистоннинг ички бозорига жўнатилади. Воҳид янги иш ўринларини ҳам яратяпти. Унинг хўжалигида 30-35 ишчи доимий равишда меҳнат қилади, терим мавсумида эса уларнинг сони 70-80 нафарга етади. Воҳид 2013 йилдан буён томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланиб келади ва унинг жуда кўп афзалликлари борлигини таъкидлайди.
Сувни тежайдиган технологиялар эндиликда бутун Ўзбекистонда қўлланила бошланди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Акс ҳолда, далаларимиз тез орада сувсиз, ҳосилсиз, дастурхонимиз эса егуликсиз қолади. Бу айниқса, республиканинг жанубий вилоятларига тегишли. Ойбек Тўрақулов Қашқадарё вилояти Агроинспекция бошқармасининг қишлоқ хўжалиги сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори лавозимида ишлайди. Лавозимининг номи ҳам томчилатиб суғориш инфраструктураси шлангичалик узун (айтиб ўтганимиз – Музаффаровнинг боғидаги гилос ва нокни суғориш ускунаси 20 км узунликда). Шунинг учун бу ерда катта рақамлар келтирилиши табиий ҳол.
Ойбек Тўрақуловнинг бизга маълум қилишича, 2021 йилда 62 та қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан сувни тежовчи технологияларни қўлламаслик ҳолатлари аниқланиб, бу ҳақда прокуратура органларига билдирги берилган, 546 та фермер хўжалиги сувни тежаш ва суғоришда янги технология усулларини жорий этиш юзасидан огоҳлантирилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, қишлоқ хўжалигида сувни тежашнинг кўплаб усуллари бор. Томчилатиб суғориш эса улардан бири, холос. Бу арзон эмас, албатта. Ҳатто бизнинг бугунги ҳикоямиз қаҳрамони Воҳид Музаффаров каби “бақувват” фермер ҳам зарур техникани сотиб олиш ва ўрнатиш учун кредит олишга мажбур бўлди.
Республикадаги суғориш технологияларини яқин келажакда буюк ўзгаришлар кутмоқда: баъзиларининг ҳажми ортади, бошқалари камаяди ёки бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин. Ҳукумат режасига кўра, бу беш йилдан сўнг амалга ошади. Қуйидаги инфографикада ҳаммаси батафсил кўрсатилган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, “эгат бўйлаб тошириб суғориш” – беда ва бошқа ем-хашак экинлари, “бостириб суғориш” эса шоли етиштиришни назарда тутади.
Эслатишимиз керакки, юқорида санаб ўтилган усулларнинг барчаси катта сармоя талаб этади. Яна бир эслатма: харажатларнинг қопланиши учун ҳосилни камида 20-30% га ошириш керак. Ва яна бир неча рақам ва фактлар бизнинг медиа лойиҳамиз маслаҳатчиси, ИФАС агентлиги раҳбари – Вадим Соколов томонидан айтиб ўтилди. Унинг интервьюсини биринчи ҳикояда кўришингиз мумкин.
Агар фермер сувни тежовчи технологияларни жорий қилса, ҳар гектар ер учун давлатдан 8 миллион сўмгача субсидия олиши мумкин.
Аммо қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари бир қатор муаммоларга дуч келишди: пулни олиб, ускуналар харид қилиб, ўрнатгач, буларнинг ҳеч бири ишламаслиги маълум бўлди. Бу муаммога ҳар 10 кишидан 6 нафари, яъни фермерларнинг 60 фоизи дуч келган. Чунки экинлар ва қишлоқ хўжалиги ерларининг турлари (иссиқхоналар, боғлар ва бошқалар) учун алоҳида-алоҳида технологиялар мавжуд.
Шу боис ЎЗбекистондаги 152 та маъмурий ҳудуднинг ҳар бирида фермерлар учун йилига 6-7 та онлайн семинар ўтказилади.
Шунингдек, мамлакатимизда “ТОМЧИ” мобил иловаси яратилди. У фермерлар, сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари, бошқа сув фойдаланувчилари ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини ишлаб чиқарувчи ва ўрнатувчи тадбиркорлар учун мўлжалланган. Бу илова 10 минг мартадан ортиқ юклаб олинган. Унинг ёрдамида фойдаланувчилар ускунани (масалан, томчилатиб суғориш учун) қаердан сотиб олиш, унинг нархи, ўрнатиш учун кимга буюртма қилиш ва ундан қандай фойдаланиш ҳақида билиб олишлари мумкин.