Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда Юнусобод туман ҳокимлиги уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича бўлим бошлиғи 30 минг доллар билан қўлга тушгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Туман ҳокимлиги уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича бўлими собиқ бошлиғи икки нафар таниши билан бир фуқарога автосалондан янги Malibu автомашинасини олиб беришни ваъда қилгани айтилмоқда. Бунинг эвазига 30 минг доллар миқдоридаги пулларни қўлга киритишган ва ўзларининг эҳтиёжларига сарфлаб юборишган, дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
«Жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. 1 нафари эса терговдан яширинганлиги сабабли қидирув эълон қилинган», — дейилади Бош прокуратура муносабатида.