Мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида тараққиётнинг энг муҳим йўналишларидан бири бу – тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобланади.
Охирги йилларда бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича фармон ва қарорлар қабул қилинди. Рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишлар қисқартирилди.
“Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” дастурлари тадбиркорлик истаги бўлган фуқароларимизни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Натижада, янги ташкил этилган субъектлар сони кун сайин кўпаймоқда.
Сир эмас қадимий тарихдан замонавий давргача тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунларга риоя қилиши давлат томонидан назорат қилиб келинган.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорликка давлат томонидан аралашувларга барҳам бериш, уларни эркин фаолият олиб боришига шароит яратиш, хусусий мулкнинг дахлсизлиги таъминлаш масаласига устивор вазифаси сифатида қарайди. Бу борада ҳар йилнинг август ойида давлат раҳбарининг очиқ мулоқот орқали тадбиркорларни шахсан қабул қилиши анъанага айланди.
Хусусан, яқинда қабул қилинган Президентимизнинг 2022 йил 13 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-374-сонли қарори тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш сиёсатининг изчил давомидир.
Хўш, янги қарорга кўра, тадбиркорлик субъектлари учун текширувлар ўтказиш тартибида қандай енгилликлар берилмоқда.
Назорат қилувчи органлар томонидан 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб:
– тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинади. Бунда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади;
– тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб уч кун муддатда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига киритилади.
Назорат қилувчи органлар:
– “хавфни таҳлил этиш” тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилади;
– тадбиркорлик субъектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас;
– тадбиркорлик субъектлари учун профилактика тадбирларини Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган режа-графиклар асосида тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда семинарлар, оммавий муҳокамалар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, «очиқ эшиклар куни» тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, тарқатма материал ва қўлланмалар билан таъминлаш, тавсия ва хабарлар юбориш шаклларида амалга оширади.
Тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларини қуйидаги ҳолларда текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга:
– текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда;
– текширув белгиланган тартибда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда;
– тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаганида;
– улар текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортганида.
2023 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органларга “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ушбу тадбирлар фуқароларда тадбиркорликка ишонч ва иштиёқ уйғотишга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.
С.ШОКИРОВ, Фарғона туманлараро маъмурий суди судьяси