Қайнонасини урган зўравон куёвга ҳукм ўқилди

Қўштепа туманида яшовчи, Оилали, 2 нафар фарзанди бор, А.Убайдуллаев бирор ишни бошини тутиш ўрнига, ичкиликка муккасидан кетди. Бунинг натижасида эса унинг хонадонида оилавий келишмовчиликлар юзага кела бошлади.

Бундан зада бўлган турмуш ўртоғи фарзандларини олиб, ота уйига кетиб юборди. Фарзандлар соғинчи тинчлик бермагач, 2022 йил 20 апрель куни соат 10:00 ларда фарзандларини кўриш мақсадида қайнонасининг уйига борди.

У ерда қайнонаси М.Асқарова билан ўзаро жанжаллашиб кетди. Жанжал пайтида қайнонасининг бош қисмига уриб, шунга ҳам қаноат қилмай, уни итариб юборди.

Суд тиббий экспертизасининг 2022 йил 21 апрелдаги 1162-сонли хулосасига кўра, М.Асқаровада чап билак суягини типик жойидан ёпиқ силжиган синиши, синиқлик жойлашган соҳани юмшоқ тўқималарини лат ейишлари, ўнг тизза бўғимини, ўнг тирсак бўғими соҳаларини шилинмалари аниқланиб, бу тан жароҳатлари оғирлик даражасига кўра соғлиқнинг узоқ (21 кундан ортиқ) муддатга бузилишига сабабчи бўлган ўртача оғирликдаги шикастлар тоифасига киришлиги аниқланди.

Бўлиб ўтган ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди ва бу иш суд мажлисида кўриб чиқилди. А.Убайдуллаев судда айбига тўлиқ иқрор бўлди.

Суд А. Убайдуллаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 1-қисми билан 1 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жазони ўташ учун манзил-колонияларга юборилди.

А. ЭРГАШЕВ, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа тумани судининг раиси