2018 йил 28 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети харажатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Давлат бюджетининг харажатлар қисмига тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисида Олий Мажлис Сенати қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ва Навоий вилоятининг Конимех тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, мазкур туманларнинг чегаралари бошқарув тизимини такомиллаштириш зарурати туфайли ўзгартирилмоқда. Бу эса бошқарув тизимининг самарадорлигини оширишга кўмаклашади. Ҳужжатда Бухоро вилояти Ғиждувон туманининг 10651 гектар ери, шу жумладан, Зафаробод шаҳарчасининг 609,65 гектар ери Навоий вилоятининг Конимех тумани таркибига ўтказилмоқда.
Шундан сўнг сенаторлар қишлоқ хўжалигида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш ҳамда мазкур соҳадаги норасмий бандлик масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоровга парламент сўрови юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.
Сўров юбориш ташаббуси Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан илгари сурилди.
Таъкидланганидек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборотига биноан 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида 2 миллиондан ортиқ киши фермер хўжаликларида иш билан банд бўлган. Уларнинг 500 мингдан зиёди расман ишга жойлаштирилган, қарийб 1,5 миллион киши эса норасмий банд бўлганлар. Сенаторлар парламент сўрови юбориш ташаббусини қўллаб-қувватладилар.
Олий Мажлис Сенати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А.Абдуҳакимовнинг ахборотини эшитдилар.
Муҳокама чоғида «йўл харита»сида назарда тутилган тадбирларнинг бажарилмаганлиги сабаблари танқидий муҳокама этилди, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ушбу Дастурни сўзсиз ижро этиш ҳамда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан тавсиялар билдирилди. Сенаторлар Сенат қарорини маъқулладилар.
Шунингдек, сенаторлар Бухоро вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар.
Қайд этилганидек, 2018 йил февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган аниқ мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. 2017 йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажмлари ўсиши 102 фоизга етди. 2017 йилда ва 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда 1 триллион 66 миллиард 954 миллион сўмдан зиёд инвестициялар ўзлаштирилди, 2185 тадан зиёд лойиҳа рўёбга чиқарилди, натижада 21854 та янги иш ўрни яратилди.
2017 йилда ва жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда қарийб 3800 та хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 14700 тадан ошди. Тижорат банклари томонидан уларга 2 триллион 157 миллиард 400 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди.
Шу билан бирга, сенаторлар Бухоро вилоятида ҳудудларни ривожлантиришга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатадиган қатор муаммо ва камчиликлар борлигини, мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётганлигини таъкидладилар.
Муҳокама якунлари бўйича вазирликлар ва идораларнинг ҳамда жойлардаги ижро ҳокимияти органларининг ҳудудни ривожлантириш масалаларини ҳал этиш бўйича масъулиятини оширишга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Ўн олтинчи ялпи мажлис давомида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган 21 та масала, шу жумладан, 14 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Шу куннинг ўзида Сенатнинг Матбуот марказида мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси иш якунларига бағишланган брифинг ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати