Тезкор тадбирда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятнинг олди олинди

Фарғона вилояти, Қўштепа тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори ” тадбирининг иккинчи босқичи давомида Расулжон Шералиевга тегишли қурилиши тугалланмаган томорқаси холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Тадбир давомида унинг томорқаси четидаги шафтоли дарахти ёнида ва макка экинлари орасида 3 туп наша ўсимлигига ўхшаш ўсимликлар агротехник ишлов берилган ҳолда парваришлаб келинаётганлиги аниқланди. Бу ўсимликлар япроқларидан экспертиза учун намуналар олинди.

Суд кимёвий экспертизасининг хулосасида Расулжон Шералиевнинг томорқасидаги наша ўсимлигига ўхшаш ўсимликлардан олинган намуналар, яъни ўткир ҳидли, яшил рангли наша гиёҳвандлик ўсимлигига ўхшаш бўлган ўсимлик моддаси таркибида фаол гиёҳванд модда, тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу каннабис (наша) ўсимлиги барглари эканлиги кўрсатилган.

Қўштепа тумани қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Ф.Шодмоновнинг хулосасида Расулжон Шералиев томонидан фойдаланиб келинаётган томорқада аниқланган 3 туп наша ўсимликларига агротехник ишлов берилиб, парваришлаб келинганлиги кўрсатилган.

Гарчи Расулжон Шералиев бу ўсимликларни ўзининг истеъмоли учун парваришлаётганини важ қилиб келтирган бўлсада, аммо Суд-наркологик эеспертизасининг хулосасига кўра, унда гиёҳвандлик касаллиги аниқланмаганлиги ва шу сабабли гиёҳвандлик касаллигидан мажбурий даволанишга муҳтож эмаслиги кўрсатилган.

Ҳеч бир жиноят ҳам ҳеч бир бир гуноҳ ҳам жазоси қолмайди, деганларидек, унинг бу қилмиши ҳам суд мажлисида муҳокама қилинди. Бўлиб ўтган суд жараёнида Расулжон Шералиев қилмишига яраша жазо олди.

А. ЭРГАШЕВ,
Фарғона вилояти Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси