56 ёшни қарши олаётган ва шу ёшга етгунча олти марта судланишга улгурган Мунаввар Исаков бирор ишнинг бошини тутмагани сабабли қўшни давлатларда мавсумий ишчи бўлиб, рўзғор тебратар эди. У ёлланма ишчи сифатида Қозоғистон Республикасига борган вақтида Туркистон вилояти Сариякаш туманида яшовчи Амир Сулаймонов исмли шахс билан танишиб қолгач, уни уйида яшаб, деҳқончилик қила бошлади.
Аввалига ишлари бир маромда кетаётган ва қора қозони ҳам қайнаб турган эди, лекин ўзининг нотўғри қадами сабаб Қозоғистон Республикасидан депорт қилинди. Оила масъулияти ва болалар ташвишини ўйлаб, бир иш топгунича, яна мавсум бошланди. Амир Сулаймонов уни яна Қозоғистонга келиши ва деҳқончиликни давом эттиришни таклиф қилди. Мунаввар Исаков депорт бўлгани ҳақида айтгач, Амир Сулаймонов унга чегара сим тўсиқдан пиёда ўтишни маслаҳат бера бошлади.
Мунаввар Исаковга бу таклиф ёқиб, фуқаролик паспорти билан белгиланган тартибда давлат чегара постлари орқали ўтишни эмас аксинча, Амир Сулейманов ва унинг дўстлари ёрдамида Тўлабек аҳоли пунктидаги мавжуд айланма йўллар орқали пиёда ҳаракатланиб «ўзбек-қозоқ» давлат чегарасини белгилаб турувчи сим тўсиқдан, ноқонуний йўл билан ўтиб олади. Қозоғистон ҳудудига ўтиб олгач, 2019 йил март ойидан 2021 йил август ойи бошларига қадар яна ўз ишини давом эттиради.
Мавсум тугаб уйига қайтиш пайти келганида эса у яна айланма йўллар орқали Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига ўтиш режасини тузади. Мунаввар Исаков «қозоқ-ўзбек» давлат чегараларига келиб, «Ботир» исмли шахснинг ёрдамида давлат чегараларини кесиб ўтиб, Қозоғистон Республикасидан Тошкент вилояти Янгийўл туманига кириб келган вақтда ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган ҳарбий қисм чегара хизматчилари томонидан қўлга олинади. Ҳамда унга нисбатан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилади.
«Кўза кунда эмас, кунида синади», деганларидек, унинг бу қилмиши ҳам жазосиз қолмади, албатта. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 223-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Бўлиб ўтган суд мажлисида эса унга нисбатан тегишли жазо тайинланди.
А.ЭРГАШЕВ, Фарғона вилояти Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси;