Жорий йилнинг 22-29 май кунларида Урганчда Европа иттифоқи томонидан молиялаштириладиган “Фаоллар ташаббуслари: Маҳаллий шароитларни яхшилашда фаоллари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасидаги иккинчи тренинг машғулотлари бўлиб ўтмоқда. Унда малакатимизнинг турли ҳудудларидан, хусусан Тошкент шаҳри ва вилояти, Хоразм, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидан фуқаролар фаоллари иштирок этмоқдалар.
“Фаоллар ташаббуслари” лойиҳаси ва Урганчда ўтказилаётган мазкур иккинчи тренинг, Германиядан таклиф этилган экспертлар билан тажриба алмашиш воситасида, Ўзбекистонлик иштирокчиларнинг муайян масалалардаги дунёқарашини кенгайтириш, ўзбек фаолларининг жамоатчилик ҳудудларини ташкил қилиш ва такомиллаштириш бўйича ҳамкорликда лойиҳаларини ишлаб чиқиш каби мақсадларни кўзлайди. Бу эса, ўз навбатида мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожланишига туртки бўлиб хизмат қилади.
Ҳамкорликдаги лойиҳалаш деганда нимани тушуниш керак? Ҳамкорликдаги лойиҳалаш бу барча манфаатдор томонлар: фуқаролар, фаоллар, жамоатчилик, бизнес вакиллари, экспертлар, давлат ҳокимият вакиллари, инвесторлар ва бошқалар иштирокида шаҳарларда жамоатчилик ҳудудларини ташкил қилиш жараёнидир. Бундай ҳудудни ҳамкорликда ишлаб чиқилиши эса, барча ундан фойдаланувчиларнинг қизиқишлари ва талабларини инобатга олингани сабабли, мазкур лойиҳани келгусидаги муваффиқиятини таъминлайди.
Урганчдаги «Истиқбол» коворкинг марказида бўлиб ўтаётган “Фаоллар ташаббуслари мактаби”нинг асосий мақсади хорижий тажрибалар мисолида жамоатчилик ҳудудларидан унумли фойдаланишни ва бунинг мазкур ҳудудларни ташкил қилишда иштирок этган ҳамкорлар учун нақадар руҳлантирувчи омил бўлишини кўрсатиб беришдан иборатдир.
“Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур тадбир иштирокчилари 2021 йилнинг апрел ойида Тошкент шаҳрида ташкилланган маҳаллий фестивал доирасида ушбу йўналишдаги Мактабнинг биринчи битирувчилари билан учрашган ва уларнинг бу борадаги мини-лойиҳалари билан танишган эдилар, – дейди лойиҳа асосчиси Зафаржон Сайдалиев. Лойиҳанинг мазкур иккинчи босқичида 2021 йил битирувчилари ушбу тадбир иштирокчилари билан яна учрашиб, таълимнинг “тенг-тенга” («peer-to-peereducation») тамойили асосида, ўз тажрибалари ва амалга оширган муваққиятли лойиҳалари билан ўртоқлашадилар. Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилувчи “Фаоллар ташаббуслари: Маҳаллий шароитларни яхшилашда фаоллари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси жами 2 йилу 8 ойга мўлжалланган лойиҳа бўлиб, фуқаролар фаоллари томонидан Ўзбекистоннинг кичик-кичик шаҳарларида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш бўйича ташаббуслар кўрсатилишини кўзда тутади”.