Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги таҳрирдаги Оила кодекси муҳокамага қўйилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
Таклиф этилаётган лойиҳага кўра, кодекснинг 13-моддаси (Никоҳ тузиш тартиби)да кўрсатиб ўтилган никоҳланувчилар томонидан ФҲДЁга ариза берилганидан бир ой ўтиб никоҳ қайд этиш талаби бекор қилинади. Никоҳланувчиларнинг аризаси белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтганидан сўнг расмийлаштирилади.
«Амалиётда никоҳни қайд қилишнинг 1 ойлик муддатини қисқартириш учун айрим фуқаролар ФҲДЁ органларига сохта тиббий маълумотномалар тақдим этиш, ФҲДЁ ва соғлиқни сақлаш органларида ортиқча қоғозбозлик, бюрократия ва коррупциявий ҳолатларга йўл қўйиш каби салбий ҳолатлар кузатиб келинган», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.
Шунингдек, кодекснинг 17-моддаси (Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш) иккинчи қисми янги таҳрирда баён этилиб, никоҳланувчи эллик ёшдан ошган бўлса ёки ҳомиладор бўлса, шунингдек томонлардан бири оғир касал бўлса, тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.
Маълумот учун, амалдаги қонунчиликка кўра никоҳланувчилар ФҲДЁ органларига ариза берган вақтдан бошлаб 1 ой ўтганидан сўнг никоҳни қайд этиши мумкин. Бу вақт оралиғида никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтган бўлиш керак. Баъзи истисно ҳолларда, яъни ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги, хизмат сафари каби узрли сабаблар билан бир ойлик муддат камайтирилишга рухсат берилади.
Вазирликга кўра, никоҳни қайд қилиш учун 2021 йилда 300 мингдан ортиқ, 2022 йилнинг I чорагида 45 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган бўлиб, ариза топширилган вақтдан бошлаб бир ойлик муддатда аризаларни қайтариб олиш юзасидан мурожаатлар келиб тушмаган.
«Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг оворагарчилигига чек қўяди, ФҲДЁ ва соғлиқни сақлаш органларида қоғозбозлик, бюрократия ва коррупсиявий ҳолатларни бартараф этади, оталик белгилаш каби ортиқча қийинчиликларни олдини олади», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.
Лойиҳа билан ҳавола орқали танишиб чиқишингиз мумкин.