Фарғона политехника институтининг енгил саноат ва тўқимачилик факультетида талабалар учун Спин-офф тизимида ишловчи Ўзбекистонда биринчи корхона ташкил этилди

Спин-офф – бу бизнесни ривожлантириш ва масштаблаштириш модели бўлиб, унга кўра муайян корхона ёки ташкилот бўлими келгусида мустақил бизнесга айланишини кўзда тутилади. Агар катта потенциалга эга бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш ғояси пайдо бўлса-ю, ушбу ғояни амалиётга жорий этиш ёки маҳсулотни бозорда илгари суриш учун ғоя эгаси бўлган компаниядан ихтисослашганроқ ва мослашувчанроқ бошқача тузилиш ва моделга эга бўлиш талаб қилнса, бизнеснинг мазкур моделидан фойдаланиш долзарб ҳисобланади. Бунинг учун мавжуд бошқарув тизими таркибида янги тизим ташкил қилинади.

Бизнинг ҳолатимизда бунга мавжуд бошқарув тизими бўлиб – Фарғона политехника институти маъмурияти, янги субъект бўлиб эса – трикотаж ва текстил маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган ҳамда унда юқорида номи зикр этилган факультетнинг талабалари амалиёт ва меҳнат фаолияти олиб боришларига мўлжалланган «FERPI TEXTILE INDUSTRY GROUP» корхонаси мисол бўла олади.

Ушбу лойиҳани молиялаштириш учун институтнинг Инновацион фондидан 124 миллион сўм маблағ ажратилган. 12 та тикув машиналари ва бошқа зарурий ускуналар сотиб олинган. Бугунги кунда бу ерда факультетнинг 30 та талабалари икки сменада меҳнат фолияти олиб бормоқдалар. Ҳозирча ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ассортименти асосан аёллар кўйлаклари ва болалар футболкаларидан иборат бўлган 10 та моделни ўз ичига олади. Маҳсулотларни Фарғона вилояти ҳудудидаги кийим-кечак бозорларида реализация қилиш ишлари бошлаб юборилган. Корхона ўтган қисқа вақт ичида маҳсулот айланмасини 30 миллион сўмгача оширишга ҳам эришди.

Корхонанинг бош инвестори ва фаолияти кафили, албатта, институтнинг ўзидир. Шу ўринда маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишнинг бу каби модели бир қатор Европа давлатларида муваффақият билан амалга ошириб келинаётганлигини ҳам айтиб ўтишимиз ўтишимиз жоиз.

«Айни вақтда корхона жамоаси харидорларнинг кенг оммасига мўлжалланган маҳсулотлар ассортиментини кенгайтириш ва уларнинг сифатини ошириш, яқин келажакда эса эркаклар учун костюмлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда. Йил охирига қадар бу ерда талабалар учун 100 га яқин барқарор иш ўринларини ташкил қилиш режалаштирилган», – дейди лойиҳа бошқарувчиси, докторант Нодирбек Орипов.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йилнинг 16 июн куни олий таълим тизимида устивор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Йиғилишда олий таълим даргоҳлари ректорлари олдига мавжуд кафедралар қошида турли илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш ва уларни ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва зарурий техникалар билан таъминлаш вазифаси қўйилганди. Хусусан, ўқув жараёнларини бозор талабларига мослаштириш, уларни ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш ҳамда талабаларни ўз устларида ишлашлари учун зарурий муҳит яратиш бўйича белгилаб берилган аниқ вазифалар шулар жумласидандир.

ВИДЕО:

Тимур ЮЛДАШЕВ,

тайёрлади