Агротехник тадбирлар юзасидан ўтказилган пресс-тур таассуротлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси” Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-тур чоғида Риштон тумани, Дутир МФЙ ҳудудида жойлашган “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДК га қарашли “Фарғона пахта уруғчилиги” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрдик.

Инспекциянинг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиқ ўринбосари О.Ходжиматов, бошқарма ва туманлардаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш” инспекторлари, ““Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДК Фарғона вилояти бошқармаси мутахассислари, “Ўсимликлар ҳимояси ва карантини” агентлиги мутахассислари, “Фарғона пахта уруғчилиги” масъулияти чекланган жамияти ходимлари, ОАВ вакиллари, журналистлар блогерлар иштирок этган ушбу Анжуманда Пахта утуғлик чигитини тозалаш, саралаш, туксизлантириш, дорилаш ва шу каби агротехник тадбирлар юзасидан суҳбат бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги ПҚ-4241-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Қарори тасдиқланган бўлиб, Қарорда қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича ишларнинг амалга оширилиши белгилаб берилган эди.

Шу боис, Қарор ижросини таъминлаш мақсадида, 2022 йил ҳосили учун Фарғона вилоятида 82,1 минг гектар майдонга истиқболли, районлаштирилган серҳосил ғўза навларини экиш белгиланган. Вилоятда жами 82,1 минг гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган. Шунга кўра, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 6700 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, 3000 тоннасини туксизлантириш ҳамда 5500 тоннасини дорилаш ишлари талаб этилади.

2021 йилда уруғлик пахта етиштириш мақсадида тендер танловидан ўтган 345 та фермер хўжаликларидан жами бўлиб 17636 тонна, шундан 16386 тонна асосий, 1249 тонна захира фондига уруғлик пахта қабул қилинган.

2022 йил пахта ҳосили учун давлат стандарти талабларига жавоб берадиган сифатли уруғлик чигит ишлаб чиқариш мақсадида пахта тозалаш ва бошқа корхоналар томонидан уруғлик чигитни тайёрлаш ва сақлашда навлар ҳамда репродукциялар аралашмаслиги, уруғлик пахтани тозалаш режимига риоя қилиниши, шунингдек, дорилаш-туксизлантириш цехларини жорий таъмирланган ҳолда қайта ишланиши аҳволи Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ўрганилиб, олиб борилаётган дорилаш-туксизлантириш ишлари доимий назорат қилиб бориляпти.

Тозалашдан олинадиган уруғлик чигитларни саралаш, дорилаш ва туксизлантириш ишлари “Фарғона пахта уруғчилиги” МЧЖ, “Қўқон сара уруғ” МЧЖ ва “Albus Cement Group” МЧЖ уруғчилик цехларида бажарилади.

Шунингдек, “Фарғона пахта уруғчилиги” МЧЖ томонидан 1223 тонна туксизлантириш ва 2170 тонна уруғлик чигит, “Қўқон сара уруғ” МЧЖ томонидан 1552 тонна уруғлик чигитларни дорилаш режалаштирилган. “Albus Cement Group” МЧЖ томонидан 1777 тонна туксизлантириш ва 1777 тонна уруғлик чигит дорилаш кўзда тутилган. “Фарғона пахта уруғчилиги” МЧЖ қарашли уруғлик цехи бир суткада 10 тонна уруғни туксизлантириш ва 30 дорилаш қувватига эга бўлиб, ушбу цехда 80 нафардан зиёд ишчи 3-сменада фаолият юритади.

Уруғларни белгиланган меъёрий ҳужжатлар талабларига асосан тайёрлаш учун малакали мутахссислардан иборат тўрт нафар лаборатория ходимлари мунтазам равишда назорат қилали. Ҳамда улардан намуналар олиниб, таҳлил қилинади.

Ҳозирда дорилаш жараёнида ғўзанинг илдиз чириш касаллигига қарши Агронапол, Агропол-12 ва Далброн препаратларидан 1 тонна туксизлантирилган уруғлик чигит тайёрлаш учун 6 литр ва шира-трипсга қарши Круизер экстра препаратидан 3 литр миқдорида қўшиб уруғлик чигитлар тайёрланмоқда.

Уруғлик чигитлар тагликлар устида, усти ёпқичлар билан ёпилган ҳолда ён атрофлари ёпиқ омборларда талаб даражасида сақланмоқда. Омборларда 4 минг 100 тоннадан ортиқ дорилаб тайёрланган уруғлик чигитларни сақлаш учун алоҳида-алоҳида сақлаш имконияти яратилган. Уруғлик чигит сақланадиган омборлар ҳавонинг совуқ кунлари ҳароратни бир хил меъёрларда сақлаш мақсадида иситиш мосламалари билан таъминланган.

Шунингдек, уруғлик чигит тайёрлаш мавсумида талаб этиладиган қоғоз қоп, этикетка, кимёвий препаратлар ва ёғоч тагликлар (паддон) захираси яратилган.

Албатта, уруғлар белгиланган стандарт талабларига асосан тайёрланса, фермер хўжаликлари сифатли уруғлик билан таъминланиб, чигитларни бир текис ундириб олинишига ҳамда пахтадан мўл ҳосил олинишига замин яратилади.

Маъруфа СОЛИЕВА