Бугун, 18 февраль куни вилоят Ахборот-кутубхона маркази залида Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Ҳолиқов ҳамда маҳалла комплекси тизимига кирувчи ташкилотлар раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган ОАВ вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар иштирок этишди.
«Коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш» мавзусига бағишланган Матбуот анжуманида маҳалла тизимида муайян ишлар амалга оширилаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Барчага маълумки, Маҳалла тизимида муаммолар жуда кўп бўлиб, бу эса раҳбариятдан катта масъулият талаб этади. Ҳар қайси юқори турувчи орган айнан ўша Маҳалла фуқаролари йиғинлари мутасаддиларидан маълумот сўрайди. Муаммо ҳамда жиноятларнинг асосий сабаби эса ишсизлик.
Ҳозирда аҳолига қулайлик яратиш, жиноятларни олдини олиш, профилактика ишларини самарали йўлга қўйиш борасида мутасаддилар томонидан бир қанча ишлар амалга оширилган.
Вилоят миқёсида ўтган 2021 йил давомида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида жами 11633 та, шундан Маҳаллалар ҳудудида 5355 та, таълим муассасаларида 4231 та, корхона ташкилотларда 2224 марта тарғибот ташвиқот ишлари олиб борилган. Содир этилган жиноятлар бўйича 2385 та тақдимномалар киритилиб, маҳаллаларда содир этилган жиноятлар бўйича 4673 таси муҳокама қилинган.
Анжуманда сўз олган Баҳодир Ҳолиқов ўз маърузасида мавжуд муаммоларни бартараф бўйича қилинган ишлар ҳақида ҳисобот берар экан ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерларни ҳамкорликка чақирди.
Ўтказилган Анжуманда ОАВ вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар асосан аҳолига кўрсатилаётган моддий ёрдам, болалар пулини тайинлашдаги коррупцион ҳолатлар, нафақўрларга пенсия тарқатишдаги муаммолар, қишлоқ врачлик пунктларининг ҳолати, шаҳар туманлар маҳаллаларидаги ички йўлларнинг абгорлиги , МФЙ раисларининг фаолияти, гендер тенглиги масалалари ва шунга ўхшаш бир қанча мавжуд муаммолар юзасидан саволлар беришди.
Асосийси халқни ишончсизлигига сабаб бўлиб қолаётган юқоридаги ҳолатлар бўйича ўзаро фикр алмашиниб, турли таклифлар киритилди.