Президент Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табрик мактубида байрам арафасида билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 182 нафар маҳбусни афв этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекканини маълум қилди.
Давлат раҳбари шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чора тадбирларига оид айрим рақамларни ҳам келтириб ўтди.
Таъкидланишича, назорат инстанцияси бекор қилиниб, фуқаролар ва адвокатларнинг шикоятлари ҳам, худди прокурор протести каби, тўғридан-тўғри кўриладиган тартиб ўрнатилди.
Илк бор «мансабдорларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб турадиган» маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали жорий йилнинг ўзида 6,5 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди. Иқтисодий ва фуқаролик судларида прокурорнинг иштироки чекланди, жиноят ишларини асоссиз равишда суддан чақириб олиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилди. Хорижий инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш мақсадида Халқаро тижорат арбитражи фаолияти йўлга қўйилди.
Бу йил 4 мингдан ортиқ шахс суд залидан озод қилиниб, 8 мингга яқин фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилгани, 859 нафар шахс оқлангани суд-тергов соҳасидаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.
Афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 108 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 63 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 6 нафарини чет эл фуқаролари, 6 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 9 нафарини аёл ҳамда 25 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.