Фарғона вилоятидаги янги аэропортнинг қурилиш ишлари якунланди

Вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров, Сўх туманига ташрифи доирасида туманда қурилиш ишлари якунланаётган янги аэропорт билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар бермоқда.


Қурилиш ишлари учун давлат бюджетидан 6,8 млрд сўм маблағ ажратилган. Замонавий мажмуа учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шохобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойларини ўз ичига олади.

Аэродром майдони етти гектар бўлиб, узунлиги 700 метрни ташкил этади. Қайд этилишича, яқин кунларда синов учишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аэропорт қурилиши 2020 йил 8 августдаги «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори ижроси доирасида амалга оширилган.