Бу йил 1,3 мингдан ортиқ дарахтга реклама осиш ҳолати аниқланди

Кейинги вақтларда ўзбошимчалик билан реклама лавҳаларини дарахтларга осиб қўйиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди, дея хабар берди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги матбуот хизмати.

«Металл конструкцияли реклама лавҳаларини ўрнатиш учун дарахт танасига ҳар томондан михлар қоқиб қотирилади ҳамда кабел ва симлар ўтказилиб, улар ҳам дарахт танасига турли хил усулда яна бир бор мустаҳкамланади. Бундай рекламаларни жойлаштирувчилар дарахтларнинг ҳолати ҳақида асло қайғурмайдилар — қўлбола усулда ясалган билбордларини осиш учун тўғридан-тўғри уларнинг танасига мих ва бурама михлар қоқиб, илгаклар билан боғлаб қўядилар», — дейилади хабарда.

Жорий йилнинг ўтган даврида дарахтларга реклама ўрнатиш бўйича 1300 дан ортиқ ҳолатлар аниқланган. Рекламалар зудлик билан олиб ташланган.

«Реклама тўғрисида» ги қонунга мувофиқ, ташқи рекламани моддий маданий мерос объектларида, йўл белгиларида ва светофорларда, уларнинг тиргакларида ёки ҳаракатни тартибга солиб турувчи бошқа ҳар қандай қурилмаларда, шунингдек дов-дарахтларни пайҳон қилиш ва туташ ҳудуддаги ободонлаштириш воситаларини бузиш йўли билан жойлаштириш тақиқланади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига асосан ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) дарахтларда ўрнатишга йўл қўйилмайди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига ўзбошимчалик билан ўрнатилган ноқонуний рекламаларнинг атроф-муҳитга зарар етказаётгани юзасидан тегишли чора кўрилиши бўйича хат чиқарилди.

Агентликнинг Telegram-боти орқали ташқи реклама воситаларининг дарахтда ўрнатилгани ҳақида хабар бериш мумкин.