Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бешта моддасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарималарни кескин камайтириш назарда тутилмоқда.

135−1 модда

Муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқарганлиги учун жарима миқдори икки бараварга камайтириш таклиф этилмоқда (245 минг сўмдан 122,5 минг сўмгача).

Транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик учун жарима фуқаролар учун икки бараварга (245 минг сўмдан 122,5 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса учдан бир қисмга (735 минг сўмдан 490 минг сўмгача) камайтириш кўзда тутилмоқда.

170 модда

Фуқаролар томонидан валюта қийматликларини ноқонуний олиш ёки ўтказиш учун жарима миқдори БҲМнинг ўн бараваридан (2 млн 450 минг сўм) йигирма бараваригача (4 млн 900 минг сўм) бўлган миқдор оралиғида белгиланиши режалаштирилмоқда (амалда қатъий миқдорда — 4 млн 900 минг сўм этиб белгиланган).

175−1 модда

Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан жарималар миқдори деярли икки бараварга камайтириш кутилмоқда (1 млн 200 минг сўмдан 2 млн 400 минг сўмгача, эндиликда 735 минг сўмдан 1 млн 700 минг сўмгача). Бир йил ичида қайта содир этилганда амалда 2 млн 400 минг сўмдан 4 млн 900 минг сўмгача, эндиликда 1 млн 700 минг сўмдан 2 млн 400 минг сўмгача этиб белгилаш таклиф этилмоқда.

176−3 модда

Йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик учун жарима миқдори уч бараварга камайтирилмоқда: фуқаролар учун — 4 млн 900 минг cўмдан 24 млн 500 минг сўмгача бўлган жаримани 1 млн 700 минг сўм этиб, мансабдор шахслар учун -12 млн 200 минг сўмдан 36 млн 700 минг сўмгача бўлган жарима миқдорини, 7 млн 300 минг сўм этиб белгилаш режалаштирилмоқда.

223 модда

Ўзбекистон фуқароси паспорт олмаганлиги ёки унинг шикастланиши, йўқолганлиги, шунингдек, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси бўлмаганлиги, яшаш гувоҳномасининг шикастлангани ёки йўқолганлиги учун амалдаги 122 минг сўмдан 735 минг сўмгача бўлган жарима миқдори 81,6 минг сўмдан 245 минг сўмгача бўлган миқдоргача этиб белгилаш кўзда тутилмоқда.

Фуқаролар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган, вақтинча ёки доимий рўйхатдан ўтмаган фуқароларни турар-жой биноларида яшашга рухсат ерганлик учун амалдаги 2 млн 400 минг сўмдан 735 минг сўмгача этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Адлия вазирлиги ҳайдовчиларга қулоқчин ва бошқа ускуналар орқали телефондан фойдаланишга рухсат беришни таклиф қилмоқда.Салонга монитор ўрнатганлик учун жаримани бекор қилиш ҳам таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, ҳайдовчилик гувоҳномаси, суғурта полиси ва «техпаспорт» олиб юрмасдан автомобилдан фойдаланишга рухсат бериш режалаштирилмоқда.