Вазирлар Маҳкамасининг 29.04.2021 йилдаги “Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 257-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш (кейинги ўринларда – Идоралараро кенгаш) таркиби;
Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш тўғрисида низом.
Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Идоралараро кенгаш раиси ҳисобланади. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги – унинг ишчи органи.
Низом Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, унинг фаолияти тартиби, шунингдек унинг самарадорлигига доир талабларни белгилайди.
Қуйидагилар Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини тиклаш, уларни реабилитация қилиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва ҳуқуқларини таъминлашга доир давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, меҳнат қилиши ва бандлигига кўмаклашиш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратишда иштирок этиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.04.2021 йилдан кучга кирди.