Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналарининг ички тартиб-қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди, дея хабар қилинди Адлия вазирлигининг Telegram-каналида.
Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ эндиликда адвокатнинг ҳимоя остидаги шахс билан аудио ва видео кузатув қурилмалари бўлмаган махсус хонада ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади, бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда уларни визуал кўриб туриш имконияти сақлаб қолинади.
Шунингдек, адвокатнинг ҳимоя остидаги шахс билан учрашиш жараёнида электрон воситалардан (мобил телефон, фотоаппарат ва диктофон) фойдаланиш имконияти яратилади. Бунда адвокат томонидан электрон воситалардан маълумотларни қайд этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.