2021 йил 2 март куни Олий судда жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилди.
Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисларида ҳар бир аёлнинг кассация тартибида берган аризаси қонун доирасида батафсил ўрганилди.
Маҳкума аёллар жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ жараёнида ўзининг ижобий жиҳатларини намоён этиб, муассаса раҳбариятининг ташаккурномасини олгани эътиборга олинди.
Оғир жиноятларни содир этган маҳкума аёллар қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳолда президентдан, Ўзбекистон халқидан кечирим сўради.
Суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда кафолат хатлари инобатга олиниб, 14 нафар аёлнинг тайинланган жазолари енгиллаштирилиб, жазодан озод қилинди ҳамда оиласи, яқинлари бағрига қайтарилди. Шунингдек, 2 нафар маҳкума аёлга тайинланган жазолар енгиллаштирилди.