Халқ таълими вазирлиги ота-оналарнинг фарзандини мактабга юбормаслик билан бирга, “Онлайн дарслар” вақтида фарзандини дарс қилишини таъминлаш ўрнига, кўчада юришига йўл қўяётган ёки уни бошқа ишлар билан банд қилиб қўйиш ҳолатлари ҳам кузатилаётганини айтмоқда.
«Айтиш жоизки, фарзандларимизнинг зое ўтаётган ҳар бир куни унинг эртанги келажагига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди, боланинг мактабда таълим олишини ҳеч қандай энг замонавий технологиялар билан ҳам ўрнини босиб бўлмайди. Шу сабабли ҳурматли ота-оналаримиздан, уйда боланинг телевидение орқали онлайн таълим олишига тўлақонли шароит яратишнинг имкони бўлмаса, фарзандларини мактабга юборишларини сўраб қоламиз»,дейилади вазирлик муносабатида.
Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларнинг таълим шакли тўлиқ анъанавийга ўтиш бўйича қарор қабул қилинган тақдирда вазирликнинг расмий манбалари орқали маълумот берилишини маълум қилди.
Шунингдек, онлайн таълим шакли тўлиқ бекор қилинган тақдирда ҳам “Онлайн мактаб” лойиҳаси доимий равишда давом эттирилиши кўзда тутилгани, бу ўз навбатида чекка ҳудудлардаги ўқувчиларга сифатли қўшимча таълим олиш учун имконият яратиши таъкидланмоқда.
Маълумот учун, бугунги кунда Республикадаги 10 008 та мактабларнинг деярли ҳаммасида анъанавий таълим олиш имконияти яратилган. Ўқувчилардан 4,6 млн нафари, яъни 74% анъанавий, қолган 1,6 млн нафари, яъни 26% онлайн шаклда таҳсил олмоқда.