Адлия вазирлиги томонидан “Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруққа киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида” буйруқ чиқарилди.
«Нотариат тўғрисида»ги Қонун ва Президентнинг 13.04.2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-3666-сон қарорига мувофиқ қуйидаги ўзгартиришлар киритилмоқда.
Аниқлаштирилишича, жисмоний ва юридик шахслар нотариал идораларга бевосита келиб ёки телефон орқали, ёзма ёхуд электрон шаклда, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишдан ташқари, энди «E-notarius.uz» ахборот портали орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Мурожаатлар нотариус ходимлари томонидан «Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қабул қилинади ва навбатма-навбат қайд этиш электрон рўйхатига қайд қилинади.
Давлат нотариал идораларининг иш кунлари ва вақти Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан белгиланади. Бунда шанба ва якшанба кунларида ҳам нотариал ҳаракатлар амалга оширилиши назарда тутилади, туман (шаҳар) доирасида фақат битта нотариус фаолият юритадиган ҳоллар бундан мустасно.
Хусусий нотариуслар иш кунлари ва вақтини ўзлари мустақил белгилайдилар, мазкур маълумотлар мажбурий тартибда “Нотариус” тизимига киритилади.
21-боб “Ахборот-коммуникация технологиялари орқали мурожаат қилиш” киритилмоқда. Унда:
мурожаатлар механизми;
навбатга ёзилиш тартиби;
нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатиш, ҳужжатлар лойиҳалари сўрови;
мурожаатларни кўриб чиқишни рад этиш ҳоллари назарда тутилган.
Автоматлаштирилган тизим орқали мурожаат қилувчилар ҳужжатларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлашлари керак.
Буйруқ билан бошқа ўзгартиришлар ҳам назарда тутилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.10.2020 йилдан кучга кирди.