COVID-19 пандемияси аёлларнинг қашшоқлик даражаси ҳамда қашшоқликда яшовчи аёллар ва эркаклар ўртасидаги фарқни кескин оширади, дейилади «БМТ-аёллар» ва БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) ҳисоботида.
2019−2021 йилларда аёллар ўртасидаги қашшоқлик даражаси 2,7 фоизга пасайиши кутилаётган эди, аммо пандемия ва унинг оқибатлари сабабли бу кўрсаткич 9,1 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Мутахассисларнинг тахминларига кўра, 2021 йилга келиб ўта қашшоқликда (кунига икки доллардан кам) яшайдиган 25 ёшдан 34 ёшгача бўлган ҳар 100 эркак учун худди шундай шароитда яшаётган 118 аёл тўғри келади. 2030 йилга келиб бу фарқ 100 эркакка 121 аёлдан ошади.
«Биз биламизки, аёллар оила аъзоларига ғамхўрлик қилиш бўйича кўп вазифаларни ўз зиммаларига олишади, улар кам ҳақ олишади, кам тежайдилар, одатда барқарор ишга эга эмаслар — умуман олганда, аёлларнинг иш билан бандлигининг барқарорлик даражаси эркакларникига нисбатан 19 фоизга камроқдир», — деди «БМТ-аёллар» ташкилоти раҳбари Фумзиле Мламбо-Нгкука.
Бундан ташқари, экспертларнинг фикрига кўра, пандемиядан энг кўп зарар кўрган баъзи жойларда, масалан, туризм, умумий овқатланиш, маиший хизмат ва бошқа жойларда асосан аёллар иш билан банд бўлган. Шунга кўра, улар ишсиз қолиш ва моддий таъминотни йўқотишда, айниқса, ҳимоясиз эди.
Ҳисобот маълумотлари шуни кўрсатадики, пандемия 2021 йилга келиб 96 млн кишини ўта қашшоқликка олиб келади, улардан 47 млн нафари аёллар ва қизлардир.
«Бу ўта қашшоқликда яшовчи аёллар ва қизларнинг умумий сонини 435 млн кишига етказади ва бу кўрсаткич 2030 йилгача пандемиягача бўлган даражага қайтмайди», — дейилади БМТ Тараққиёт Дастури ҳисоботида.
«Агар ҳукуматлар таълим ва оилани режалаштириш, адолатли ва тенг иш ҳақи ҳамда ижтимоий нафақаларни кўпайтириш бўйича кенг қамровли стратегияни амалга оширганларида, 100 млн дан ортиқ аёл ва қизларни қашшоқликдан қутқариш мумкин эди», — деди БМТ Тараққиёт дастури раҳбари Ахим Штайнер.
Унинг қўшимча қилишича, гендер тенгсизликни камайтиришга сармоялар киритиши нафақат оқилона ва арзон, балки ҳукумат учун пандемия оқибатида юзага келадиган қашшоқликни камайтириш учун зудлик билан амалга оширилиши керак бўлган йўлдир.