Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади

Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Таъкидланишича, ушбу масала Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба бундай форматда муҳокама қилинмоқда.

Йиғилишда хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда ҳокимликларга чет элдан қайтган фуқароларга касби, малакаси ва режасидан келиб чиқиб, иш топишига кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди. 

Хорижда ўзбекистонликлар муносиб шароитларда меҳнат қилиши учун йирик иш берувчи компаниялар билан алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун, аввало, ўша корхоналар талабига мос малакага эга ва тил биладиган мутахассислар тайёрлаш зарур.

Шу боис бу борада янги тизим жорий этилиши белгиланди. Яъни, ҳудудлардаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиалларининг ваколатлари кенгайтирилиб, уларга хорижий иш берувчилар билан бевосита шартнома тузиш, миграция хизматлари билан музокаралар ўтказиш ҳуқуқи берилади. Бу филиаллар раҳбарлари вилоят ҳокимининг ёрдамчиси ҳисобланади.

Мутасаддиларга хорижий давлатлардаги йирик иш берувчилар билан музокара ўтказиб, ишчи ва мутахассислар юборишни кўпайтириш, меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 августда қабул қилинган қарорида аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитиш чора-тадбирлари белгиланган эди. Йиғилишда мазкур қарорнинг амалий жиҳатларига тўхталиб ўтилди. Жумладан, чет элда ишлашни истаган фуқароларнинг малакасини ошириш, бунинг учун касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, махсус курслар ва моно-марказлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу масканлардаги ўқув дастурлари, малака кўникмаларини хорижий иш берувчиларнинг талабига мослаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Меҳнат мигрантлари ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш учун Хориждаги фуқароларни ҳимоя қилиш жамғармасидан маблағ ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Шунингдек, чет эллардаги меҳнат миграциясига оид тартиб-таомилларни фуқароларимиз учун енгиллаштириш, юртдошларимиз кўп ишлайдиган шаҳарларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналарини очиш бўйича топшириқлар берилди. Хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, бу бўйича онлайн платформа ва “кол-марказ” ташкил этиб, малакали адвокатларни жалб қилиш вазифалари қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз элчихоналари ўзга давлатлардаги ватандошларимиз диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамлаши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Юртпарварлик, меҳр-оқибат ҳисси билан хориждаги фуқароларимизга ёрдам бериб келаётган шахсларни эътироф этиш, давлат мукофотлари билан тақдирлаш бўйича таклифлар билдирилди.