Республика махсус комиссиясининг жорий йил 15 августдан карантин чекловларини бекор қилишга оид ахбороти эълон қилинди.
Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан аксарият хизмат кўрсатиш соҳалари фаолиятига ва тадбирларга рухсат берилди.
2020 йил 15 августдан бошлаб:
– автотранспорт воситаларининг кун давомида тўлиқ ҳаракатланиши;
– маҳаллий авиақатновлар ва темир йўл қатнови. Бунда, доимий равишда ҳар бир авиақатнов ва темир йўл қатновидан олдин тегишли ҳаво кемаси ва темир йўл вагонларини (ҳар бир ўриндиқни) тўлиқ дезинфекциядан ўтказиш, шу жумладан, уларга ҳавони зарарсизлантириш анжомларини ўрнатиш чораларини кўриш лозим;
Очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолиятига ҳам рухсат берилади.
Бунда, ушбу объектлар учун:
– банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик;
– столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш;
– бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш;
– ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши;
– ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш талаб этилади.
Шунингдек, мазкур объектлар тўлақонли фаолият юритишига тайёргарлик кўриш учун уларнинг бино ва хоналарига, шунингдек, ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиб бориш тавсия этилади.
Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар, шунингдек, ўқув курслари (марказлари) фаолиятига қатъий ўрнатилган тартиблар асосидагина рухсат берилади. Бунда, ушбу ташкилотлар фаолияти учун:
– машғулотлар вақтини олдиндан келишиш (таълим марказлари ва тўгараклар учун);
– ходимлар ва болалар (тарбияланувчилар)нинг соғлиғи ҳолатини доимий назорат қилиш (тана ҳароратини мунтазам ўлчаб бориш), тана ҳарорати 370С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходимлар ва болалар (тарбияланувчилар)ни машғулотлар четлатиш;
– ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши;
– санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш чоралари кўрилиши лозим.
Санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, пляжлар, хостеллар, ижарага бериладиган дала ҳовлилар ва бошқа дам олиш масканлари фаолиятига ҳам рухсат берилади.
Мазкур фаолиятни амалга оширишда:
– фуқаролар алоҳида, бир-биридан ажратилган ҳолда (ҳар бир оилага бир хона талабига риоя этган ҳолда) жойлаштирилади;
– бино ва хоналар доимий равишда дезинфекция қилиб борилади, шу жумладан, ҳавони зарарсизлантириш анжомлари билан жиҳозлаш тавсия этилади;
– бунда меҳмон уйлари ва хостеллар фаолияти Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 майдаги 21-сон йиғилиш баёнининг 2-иловаси билан тасдиқланган Пандемия шароитида меҳмонхона хизматларини ташкил қилиш бўйича вақтинчалик йўриқнома талаблари асосида йўлга қўйилади. Бунда, хостеллар фақатгина бир хонага оилавий ёки бир кишидан ортиқ бўлмаган меҳмонларни қабул қилишга рухсат берилади;
Шунингдек, музейлар фаолиятига ҳам рухсат берилмоқда.
Гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар фаолияти учун – хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан шахсий ҳимоя воситалари – тиббий халат ёки комбинезон, тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳолда телефон ёки онлайн навбатга ёзилган ҳолда “1 та хизмат кўрсатувчи шахс – 1 та мижоз” тамойили асосида ишлаши талаб этилади.
Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш (бунда ушбу тадбирларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда)га ҳам рухсат берилади.