Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан тўқнаш келган фуқароларни ижтимоий масофа сақлаш бўйича огоҳлантирувчи Self-Safety мобил иловаси яратилди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Мобил илова Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ахборот технологиялар ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.
У мобил телефонининг GPS ва Bluetooth модуллари ёрдамида ишлайди ва фойдаланувчилардан бирида касаллик аниқланса, бир дақиқа ичида барча фойдаланувчиларни 5 метр радиусда кесишган нуқталарини солиштиради. Кесишув нуқталари аниқлангач, мазкур жойларда 5 метрли радиусда бўлган барча фойдаланувчиларга PUSH-хабарнома кўринишида касал билан алоқада бўлганлик эҳтимоли тўғрисида ва кейинги хатти-ҳаракатлар бўйича тавсиялар беради.
Мобил илова Android ва iOS платформаларида мавжуд бўлиб, тез орада онлайн дўконларга чиқарилади. Айни пайтда уни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.
Рўйхатдан ўтишда телефон рақами, паспорт рақами, туғилган йил, телефоннинг IP-манзили ҳамда смартфонларда GPS ва Bluetooth`ни ёқиш сўралади.
Ишлаб чиқувчилар аҳолини инфекцияни барвақт аниқлаш ва тарқалишини олдини олиш мақсадида Safe-Safety иловасидан фаол фойдаланиш, ҳукумат ва тиббиёт ходимларига COVID-19 пандемиясига қарши курашишда ёрдам беришга чақирди. Зеро иловадан қанча кўп одам фойдаланса, уйидан ташқарида ушбу иловани фаоллаштирса, шунча сифатли ва яхши ишлайди.
Қайд этилишича, COVID-19 пандемиясига қарши курашда мобил иловалардан фойдаланиш самарадорлиги Жанубий Корея, Сингапур, Исроил, Италия, Франция каби кўплаб бошқа давлатлар тажрибасида исботланди.