“Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия тадбири

Сардоба сув омборида юз берган офат натижасида жабр кўрганларга кўмаклашиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акциясига старт берилди.

Инсонпарварлик ёрдами ортилган биринчи юк машиналари Сирдарёга етказилди. 

Мазкур акцияни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан биргаликда амалга оширишга келишиб олинди. 

Акция доирасида “Юксалиш”нинг махсус ҳисоб рақами очилиб, йиғилган маблағлардан уст-кийимлар, озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур буюмлар сотиб олинади. 

Шунингдек, ҳар қандай кўринишдаги инсонпарварлик ёрдамлари ҳам қабул қилиниб, офатдан жабр кўрганларга етказилади. 

Акция давомида адлия органлари мутахассислари жалб қилинган ҳолда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда кўрсатиш режалаштирилган. 

Ҳозирда бир қатор ташкилотлар, хусусан, Конрад Аденауэр фонди, Шодиев халқаро фонди, Эзгу мақсад жамоат фонди, OU7 фонди, Ўзбекистон – Туркия ишбилармонлари уюшмаси, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти, спорт федерациялари ва бошқа ташкилотлар ҳамда фаол фуқаролар ташаббус кўрсатиб, акцияга қўшилганликлари қувонарлидир. 

Кутилмаган офатдан жон сақлаш учун уйларини ташлаб чиққан ватандошларимиз учун тезкорлик билан кўрсатиладиган ҳар қандай ёрдам катта аҳамиятга эга. 

Биз офатдан жабр кўрганларга ёрдам бериш учун саховатпеша юртдошларимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз. 

Шу сабабли, ўз ҳиссасини қўшишни истаган барча “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” акциясига қўшилиши ва ушбу мураккаб даврда елкама-елка туриб, сирдарёликларга далда бўлиши мумкин. 

Биз биргамиз!

Мурожаат учун “Тезкор штаб” телефон рақамлари: 71-239-33-23, +998-97-157-80-65, +998-91-572-11-00.