Қашқадарё вилояти Касби тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси ходими 3 февраль куни туман ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилиб, унда ўзининг иш юритувида Касби тумани “Хўжахайрон” маҳалласида яшовчи фуқаро 34 ёшли С.Х.нинг уйидаги сомонхонасида ноқонуний равишда қўлбола усулда ясалган жувоз ускунасини ўрнатиб пахта чигитидан ёғ ва шрот еми ишлаб чиқараётганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ҳужжатлари борлигини, текширув жараёнида С.Х. ундан ўзига нисбатан қонуний чора кўрмаслик ва жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилишини сўраб, эвазига жами 6 млн сўм миқдорида пора таклиф қилаётганлигини айтган, дейилади ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабарида.
Шу билдиргига асосан 3 февраль куни соат 21:35да ИИВ ўз хавфсизлик бошқармаси Қашқадарё вилояти бўйича бўлими, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Касби тумани бўлими ва Касби тумани прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро С.Х. пора сифатида таклиф қилган жами 7,5 млн сўм ва 200 АҚШ долларини ходимнинг хизмат хонасида унга бераётган вақтида далилий ашё билан ушланган ва пуллар тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Касби туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.