10 январь куни «Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб фуқароларнинг Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.
Шунингдек, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб:
Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери томонидан фуқароларнинг ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинади;
Наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритилади.
2020 йил 1 мартгача давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган автоматлаштирилган электрон ахборот тизими ишлаб чиқилади.
Қарор билан фуқароларнинг Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш бўйича маъмурий регламентлар тасдиқланди.