Ўзбекистон Транспорт вазирлиги 19 декабридан эътиборан «Тошкент — Москва — Тошкент» йўналишида мунтазам автобус қатновини йўлга қўймоқда, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.
Мазкур йўналишдаги қатновлар «Uzautotrans Service» корхонаси томонидан замонавий Yutong автобусларида амалга оширилади. Қатновлар «Тошкент»автовокзали ва Москванинг «Новоясеневская» автостанциясидан амалга оширилади.
Жорий йилнинг 19 декабрь куни соат 12:00 да илк автобус Россия Федерация пойтахти Москва шаҳри томон «Тошкент» автовокзалидан йўлга чиқади. Мазкур йўналиш бўйича чипта нархи 900 000 сўм этиб белгиланган.
Ушбу йўналиш бўйлаб мунтазам автобус қатновлари ҳафтасига икки маротаба душанба ва пайшанба кунларига белгиланган. Автобуслар «Тошкент» автовокзалидан соат 12:00 да йўлга чиқади. «Новоясеневская» автостанциясидан эса Москва вақти билан соат 14:00 да ҳаракатланади.
Ушбу қатнов бўйича қўшимча маълумотларни «Тошкент» автовокзалининг (71) 207−87−00 ҳамда (97) 758 14 24, (99) 808 47 42, (99) 808 47 17 телефон рақамлари орқали олиш мумкин.
Бугунги кунда Россия Федерациясининг Нижний Новгород ва Қозон шаҳарларига ҳам мунтазам автобус қатновлари амалга ошириб келинмоқда.