Соғлиқни сақлаш вазирлигида мамлакатимизда одам папиллома вирусига қарши эмлашга старт берилиши муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда тегишли давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, онколог, эпидемиолог, гинекологлар ва журналистлар иштирок этди.
Тадбирда қайд этилганидек, бачадон бўйни саратони аёллар саломатлигига таҳдид қилувчи жиддий касалликлардан бири ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, дунёда биргина 2018 йилда бачадон бўйни саратони билан қарийб 570 000 янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Ҳар йили шу касалликдан 311 000 нафардан ортиқ аёллар вафот этади.
Дунёда бўлгани каби, мамлакатимизда ҳам ушбу хасталик аёллар ўртасида тарқалиши бўйича кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи ва касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса туғиш ёшидаги аёллар орасида иккинчи ўринда туради. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили юртимизда 1600 нафардан зиёд аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда.
Миллий эмлаш календарига кўра, мамлакатимизда болалар давлат бюджети ҳисобидан 12 та бошқариладиган инфeкцияларга қарши эмланади. Шунинг учун ҳам юртимизда эпидемиологик ҳолат барқарор сақланмоқда. Эндиликда ОПВга қарши вакцинанинг жорий қилиниши эса яна бир оғир касаллик — бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олишга хизмат қилади.
Бугундан бошлаб юртимиздаги барча 9 ёшли ўсмир қизлар ушбу касалликка қарши эмланади. Шу ўринда қайд этиш лозимки, одам папиллома вирусига қарши вакцинанинг нархи анча қимматлиги сабаб аксарият давлатларда у пулли асосда бажарилади. Мамлакатимизда эса, ўсмир қизлар давлат ҳисобидан бепул эмланади. Натижада келажакда ҳар йили 1100 та касалланиш ва бачадон бўйни хасталиги бўйича эса 600 га яқин ўлим ҳолатининг камайишига эришилади.
Тадбирда қайд этилганидек, ЖССТ одам папилломаси вирусига қарши вакцинани барча иммунизация дастурларига киритишни тавсия этади. Бугунги кунда жаҳоннинг 96 давлати уни ўз миллий эмлаш календарига киритган. Уларнинг орасида Буюк Британия, Дания, Швеция, Финляндиякаби қатор Европа давлатлари, шунингдек, АҚШ, Канада, Австралия ва Лотин Америка мамлакатлари ҳам бор. Шундай қилиб, 2006 йилдан бошлаб шу кунгача бутун дунёда 100 миллион нафардан ортиқ одам ушбу вакцина билан эмланган.
Шу ўринда кўпчиликни вакцинанинг қизларнинг репродуктив функциясига салбий таъсири бўлмайдими, деган савол қизиқтириши табиий. Ўтказилган халқаро илмий тадқиқотларда шу аниқ бўлдики, юқорида қайд этилганидек, мазкур вакцина нафақат саратондан ҳимоялаш, балки, репродуктив аъзолар саломатлигини ҳам янада мустаҳкамлаш хусусиятига эга экан.
Бундан 9 йил олдин, яъни, 2010 йилда эмланган 8000 нафар қизлардан бири Гулираъно Раҳимжонова 3 ёшли қизчаси билан ушбу тадбирга ташриф буюриб, ОПВга қарши эмлашдан кейин соғлиғи билан боғлиқ ҳеч қандай салбий муаммо юз бермаганини, аксинча, вакцина саломатлигини яхшилашга хизмат қилганини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, бундан 9 йил аввал у билан бирга эмланган тенгдошларининг аксарияти ҳозирда оналик бахтига мушарраф бўлган.
Матбуот анжуманида миллий ва халқаро экспертлар томонидан одам папиллома вирусига қарши вакцинанинг жаҳон тиббиётида қўлланилиши тажрибаси, унинг инсон саломатлигини асрашдаги муҳим натижаларига оид маъруза ва тақдимотлари ўтказилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.