Муаллифлик ҳуқуқларини бузганлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, дея эсга олди Интеллектуал мулк қўмитаси кадрларни қайта тайёрлаш ўқув маркази директори ўринбосари Воҳиджон Аллаёров.
У бугунги кунда ўзбек ва чет эллик муаллифлар асарларини чоп этишда, жумладан муаллифлар ва таржимонлар меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларида кўплаб ҳуқуқбузарликлар кузатилаётганини қайд этди.
«Бундан ташқари, жаҳон адабиёти асарларини таржима қилиш ва чоп этишда ҳуқуқларга қатъий риоя қилиш лозим. Бу масалада муаллиф билан, агар у ҳаёт бўлса ёки унинг вафотига 50 йил тўлмаган бўлса, келишиш зарур», — деди Воҳиджон Аллаёров 26 февраль куни Ахборот ва коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Асарларни интернетда чоп этишдан аввал ҳам интеллектуал мулк эгасидан (муаллиф ёки таржимон) розилик олиш лозим, деди у.
Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги муносабатлар Фуқаролик кодекси, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги «Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида»ги қонун ва бошқа ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Аввалроқ Ўзбекистон Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг муаллифлик ҳуқуқи ва фонограммаларни ишлаб чиқиш бўйича шартномалари, шунингдек Фонограммалар ишлаб чиқарувчилар манфаатларини улар фонограммаларининг ноқонуний ишлаб чиқарилишидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги Женева конвенцияга аъзо бўлган эди.
Февраль бошида эса Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги тизимига ўтказилди.