Ўзбекистонда квартира олмоқчи бўлганларнинг шикояти асосида 22,1 млрд сўм пуллари қайтарилди

Ўзбекистонда қурилиш соҳасига оид мурожаатлар асосида 22 миллиард сўмдан ортиқ маблағ фуқаролар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 2025-йилда қўмитага кўп квартирали уйлардан хонадон хариди бўйича 1 700 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 76 фоизи ижобий ҳал қилиниб, 22,1 миллиард сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган. Мурожаатларнинг асосий қисми уйларнинг таъмир сифати (42,9 фоиз) ва коммуникация тармоқлари (40,8 фоиз) билан боғлиқ бўлиб, 16,3 фоизи уйларни ўз вақтида топширилмаслигига тўғри келган.

Қўмита томонидан 130 га яқин қурувчи–истеъмолчи шартномалари ўрганилганда аксарият шартномаларда қайта ҳисоб-китоб механизми, объектни топшириш муддати, кечиктириш учун пеня, кафолат муддати ва нуқсонларни бартараф этиш мажбуриятлари белгиланмаган.

Шартномани бекор қилиш масаласида ҳам камчиликлар кузатилиб, аксар ҳолатларда фақат қурувчи манфаатлари кўзда тутилган. Шунингдек, шартнома бекор қилинганда харидорга тўловни қайтариш муддатлари асоссиз равишда 30–180 кундан тортиб, 24–36 ойгача этиб белгиланган.

Бундан ташқари, айрим ҳолатларда агент ёки тижорат вакили орқали тузилган шартномаларда қурилишга масъул қурувчи томонидан шартнома имзоланмай расмийлаштирилгани аниқланган. Шартномадаги бу каби қонунбузилиш ҳолатлари ва мавжуд камчиликлар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузилишига олиб келади ва мажбуриятини бажармаган қурувчига эса ҳеч қандай ҳуқуқий жиҳатдан жавобгарлик белгиланмайди.

Қўмита томонидан 120 та турар жой мажмуаси бўйича берилган реклама ҳолати ўрганилиб, рухсат ҳужжатларисиз ва электрон рўйхатга киритилмаган бир қатор объектлар реклама қилингани аниқланган ва қурилиш компанияси ҳамда реклама берувчиларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилган.

“Ҳурматли фуқаролар, Рақобат қўмитаси кўп квартирали уйлардан хонадон харид қилишда шартнома шартлари билан тўлиқ танишиб чиқишингиз ва уларнинг рекламасида берилаётган маълумотларни аниқ манбалардан: электрон рўйхат ва ‘Шаффоф қурилиш’ тизимида мавжудлигини очиқ манбалардан текшириб кўришингизни тавсия қилади”, дейилади қўмита хабарида.