Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июлдаги 417-сон қарори билан Ўзбекистон ҳудудида вақтинча бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг виза муддатини узайтириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Мазкур қарор виза муддатини узайтириш жараёнини соддалаштириш, шаффофлигини таъминлаш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этишга қаратилган. Эндиликда чет эл фуқаролари ушбу хизматдан электрон шаклда, жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.
Тасдиқланган регламентда ариза бериш тартиби, тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ҳамда ваколатли давлат органларининг вазифалари аниқ белгилаб берилган. Шу билан бирга, виза муддатини узайтириш бўйича мурожаатларни ички ишлар органлари орқали анъанавий тарзда топшириш тартиби ҳам сақланиб қолмоқда.
Қарор ижроси доирасида хизмат кўрсатиш жараёнида инсон омилини камайтириш, ортиқча ҳужжатбозлик ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш кўзда тутилган. Бу эса хорижий фуқаролар учун қулай шароитлар яратиш, давлат хизматлари сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасида виза тартиб-таомилларини халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда мамлакатнинг очиқлик ва инвестициявий жозибадорлигини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.РАҲМОНҚУЛОВ, Марғилон шаҳар адлия бўлими Давлат хизматлари маркази директори;