Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Экологик партияси давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Партия ихтиёрий равишда умумий қарашлар, қизиқиш ва мақсадларга эга, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти ва экологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга интилаётган, атроф-муҳит ва фуқаролар саломатлиги муҳофазаси, табиий ресурслардан унумли фойдаланиш ва уларни асраш билан боғлиқ фаолиятда масъулият билан иштирок этаётган фуқароларини бирлаштиради.
Янги партиянинг асосий мақсади барқарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашишга қаратилган.
Шунга кўра, халқаро тажрибада одатда яшиллар партияси деб номланувчи экологик йўналишдаги Ўзбекистон Республикасидаги сиёсий куч биринчи маротаба расман партия мақомига эга бўлди.
Шу муносабат билан, Адлия вазирлигида вазир ўринбосари Акбар Тошқулов иштирокида Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Борий Алихонов ва партия фаоллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда партия Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раисига партия давлат рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома тақдим қилинди.