Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармонига мувофиқ, «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.
Фармон билан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ҳамда Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.
Урбанизацияни тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш агентликнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Йирик шаҳарларга туташ аҳоли пунктлари инвентаризациядан ўтказилади ҳамда амалга оширилган ишлар натижаларига кўра 2019 йил 1 ноябргача ўрта муддатли даврда йўлдош-шаҳарларга айлантириладиган аҳоли пунктлари рўйхати шакллантирилади.
2019 йил 1 июнга қадар 2020−2025 йилларда комплекс уй-жой қуриш давлат дастурларининг асосий прогноз параметрларини тасдиқлаш тўғрисидаги президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, фармон билан Ўзбекистон Республикасида урбанизацияни тартибга солишни таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Йўл харитаси доирасида Уй-жой кодекси ҳамда Ер кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилади.