Меҳнат муносабатларида камситилиш ҳолатлари кузатилганда, ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш учун қаерга мурожаат қилишимиз керак?

CАВОЛ:

Мамлакатимиз қонунлари орқали меҳнат муносабатларда камситишнинг тақиқланиши тўғрисида кўп эшитганман. Амалиётда бу нимани англатади ва ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш учун қаерга мурожаат қилишимиз лозим?

Саид. З., Фарғона шаҳри.

ЖАВОБ:

Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадирлар. Бу Меҳнат кодексининг 6-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Халқаро меҳнат ташкилотининг «Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисида»ги 111-сонли (1985 й.) Конвенциясини ратификация қилган.

Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек, ходимларнинг ишчанлик қобилиятига ва улар меҳнатининг натижасига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклаш ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.

Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган ҳар бир фуқаро камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Меҳнат кодексининг 9-моддасига биноан, Сиз Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ва унинг ҳудудий органларига ёки касаба уюшмаларига мурожаат этишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилиши устидан назорат олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан амалга оширилади.

Саволга ҳуқуқшунос Камолиддин Тилябоев жавоб берди.