ОАВ ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий қилиш таклиф қилинмоқда

 

Жамоавий мурожаатлар портали — meningfikrim.uz’да «Оммавий ахборот воситалари ходимларининг қонуний фаолиятига аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш ҳақида»ги петиция жойлаштирилди.

«Бугунги кунда мамлакатимизда чуқур демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Демократиянинг асосий элементларидан бири бу оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва улар ҳуқуқларининг қонун билан кафолатланганлиги ҳисобланади. Демократик ислоҳотларни янада мустаҳкамлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимларининг қонуний фаолиятига аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий қилишни таклиф қиламиз», — дейилади петиция муаллифи Саломат Сирғабоев томонидан жойлаштирилган жамоавий мурожаат матнида.

Жамоавий мурожаатни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарур. Зеро, бугунги ислоҳотлар даврида сўз ва матбуот эркинлигининг таъминланиши давлат ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни, барқарор тараққиёт ва халқ фаровонлигини таъминлашда муҳим қадам бўлади.

Айни пайтда петиция 50 тача овоз тўплаган. У кўриб чиқилиши учун 10 мингта овоз тўплаши керак. Мазкур петицияга овоз бериш учун ушбу манзилга ўтинг.