Андижон давлат тиббиёт институтида “Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ идоралари фаолияти ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий ислоҳотларга оид хабардорлигини оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бу жараёндан аҳолининг қай даражада хабардорлиги, фуқароларнинг ҳуқуқий билимини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
– Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда аҳолининг ҳуқуқий маданияти муҳим аҳамиятга эга, – дейди Андижон вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Абдиғулом Султонов. – Мазкур семинар ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини ёритиш, тарғиб қилиш, ана шу йўналишдаги жараёнларда фаол қатнашувчи журналистлар масъулиятини, билим ва малакасини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Тадбирда “Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ҳаётга татбиқ этиш масалалари”, “Суд-ҳуқуқ идоралари фаолияти ва уларнинг ОАВ билан ҳамкорлиги”, “Суд, адлия, прокуратура ҳамда ички ишлар идоралари фаолияти очиқлигини таъминлашда ОАВнинг роли”, “ОАВда ҳуқуқий мавзуни ёритишнинг шакл ва усуллари. Журналист суриштирувини амалга ошириш тамойиллари” сингари мавзуларда маърузалар тингланди.
Оммавий ахборот воситаларида суд-ҳуқуқ идоралари фаолияти, аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш мавзуларида берилаётган материаллар кўлами ва савияси масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, бугунги глобаллашув даврида журналистлар ҳуқуқий соҳани ёритишда ўз билим ва малакасини муттасил ошириб бориши, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ёритишда янада фаол бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети профессори Ёрқиной Маматова гуруҳлар доирасида ўтказилган машғулотларда журналистларнинг суд-ҳуқуқ мавзусига оид материалларни ёритиш борасидаги билим ва кўникмасини ошириш ҳамда ҳуқуқий мавзуни ёритишда журналист фаолиятининг ахлоқий меъёрлари хусусида атрофлича тўхталди.
Семинар-тренинг якунида суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги бўйича қўшма медиа-режа ишлаб чиқилди.