Шу йил 7-8 ноябрь кунлари Остона шаҳрида “Журналистика келажаги“ мавзусида йигирманчи ЕХҲТ Марказий Осиё конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция кун тартибидан рақамли маълумотлар даврида ахборот сифати ва журналистика келажаги, дезинформация ва унга қарши кураш йўллари, фойдаланувчилар контентининг ўзига хос жиҳатлари ва оммалаштириш хатарлари, фактчекинг ва медиасаводхонлик фейкларга қарши универсал қурол сифатида, шунингдек, ёлғон маълумотлар кенг тарқалаётган замонда сифатли журналистика стандартлари каби мавзулар ўрин олган.
Сўзга чиққанлар тобора ортиб бораётган рақамлаштириш муносабати билан муштарак мавзулар бўлиши муҳимлигини қайд этди. Таъкидланганидек, интернет барчанинг сўнгги маълумотлардан хабардор бўлиши учун улкан қулайликлар тақдим этиб қолмай, унинг аудиторияси учун ҳам ахборот яратиш ва тарқатиш имконини бермоқда. Бироқ, янги ахборот экотизимида ёлғон хабарлар кўпаяётгани жиддий хатарга айланиб, фактлар билан ишлашда журналистиканинг профессионаллик даражаси масаласининг долзарб аҳамиятини келтириб чиқарди ва фактларни текшириш кўникмасини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Салфорд университети халқаро журналистика бўйича магистрлик дастури раҳбари Марек Бекерман (Буюк Британия) ёлғон хабарлар манипуляция қуролига айланиб бораётгани ва уларга қарши кураш учун фейкларга қарши ўзига хос самарали “дори“ ҳисобланган фактчекинг устида ишлаш керак, деб ҳисоблайди. Фикрини давом эттирар экан, у ёлғон хабар тарқатишга қарши универсал восита мавжуд эмаслиги, ҳар бир тузилма ўз чора-тадбирларини амалга ошираётгани ва журналистика сифатини ошириш йўлида меҳнат қилиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
– Ёлғон хабарлар феномени – бу айсберг юқориси бўлиб, унинг пастки қисмида бошқа муаммолар ҳам яширинган. “Фейк” сўзи – нафақат профессионаллик масаласи, у аллақачон сиёсий тус олган, шу муносабат билан Буюк Британия ҳукумати расмий ҳужжатларда “ёлғон хабарлар“ деган тушунчадан фойдаланишни тақиқлади, – деди Марек Бекерман.
Ижтимоий тармоқлар фейкларни тарқатиш каналларидан бири ҳисобланади. Social mediaнинг тобора ортиб бораётган роли ва таъсири ҳақида сўзлар экан, маърузачилар журналистларнинг ижтимоий тармоқларда ишлаш тамойилларини қайд этди. Биринчидан, бу ижтимоий медиадан аккаунт эгалари ўз фикрларини билдириш манбаи сифатида фойдаланади. Иккинчидан, у нашрларда фойдаланиш учун жамоатчилик фикрини ўрганиш учун майдончадир. Учинчидан, бу журналист текшируви ўтказиш учун муҳокамалар ва ахборот тизгини мониторинги учун қуролдир.
Конференция давомида тартибга солиш йўллари мавжуд эмаслиги сабабли анчайин жиддий хавфга айланиб бораётган “deep-fakes” (сунъий идрок технологияларини қўллаган ҳолда ахборот, фото ва видеоларни қалбакилаштириш) ҳолатлари муҳокамалар марказида бўлди. Ушбу технологиялардан фойдаланган ҳолда, ахборот ҳужумларига айрим давлат раҳбарлари ҳам учради ва бу мулоҳаза учун жиддий мавзудир.
Ҳозирги вақтда фейкларнинг кенг тарқалиши билан боғлиқ ҳолатлар профессионал журналистикага раҳна солаётган хатарлардан. Бироқ бу масалани ҳал этиш учун фақат журналистикага эътибор қаратиш етарли эмас, умуман олганда фактчекингни аҳоли медиа ва ахборот саводхонлигининг таянч унсури сифатида кўриб чиқиш зарур.
Конференция чоғида муҳокама этилган мавзулар доирасида экспертлар фейкларга қарши кураш соҳасида турли мамлакатлар тажрибаси билан ўртоқлашди. Масалан, норвегиялик журналист Торе Бергсакер фейкларни ошкор қилиш устида ишлаётган бир қанча ОАВлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган Faktisk лойиҳаси ҳақида сўзлади.
Конференциянинг алоҳида сессияларида Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Мўғулистон вакиллари иштирок этиб, ўз мамлакатлари мисолида фейклар билан ишлаш қай тарзда олиб борилаётгани, журналистика сифатини қонунчилик, ахлоқий, тадқиқий ва амалий жиҳатдан ошириш ҳақида сўз юритди.
Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Г.Бобожонова таъкидлаганидек, фейкларга қарши курашда журналистлар аввало ахборотни текшириши, муқобил манбалар излаши ва тезкорлик кетидан қувиб аниқликни хавф остига қўймаслиги керак. Фактчекинг ва ахборот манбаларини текшириш учун журналистлар профессионаллик даражасини, уларнинг кўплаб мультимедия платформаларидан фойдаланиш бўйича малакасини ошириш унга эришиш йўлларидан биридир. ОАВни тартибга солишни кучайтириш яна бир муҳим восита бўлиб, бу журналистларнинг жамият олдидаги масъулиятини сезиларли даражада ошириш ва уларнинг ўз фаолиятида одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиши учун замин яратади.
– Ўзбекистонда ОАВни тартибга солишни янада ривожлантириш учун шу кунларда жорий йил якунида журналистлар ҳамжамияти томонидан қабул қилиниши кўзда тутилаётган журналистлар миллий ахлоқ кодекси муҳокамаси бўлиб ўтди. Шунингдек, мамлакатимизда Медиа-омбудсман фаолиятини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳам, ўз навбатида, ОАВда фейк ва дезинформацияга қарши курашда муҳим ўрин тутиб, миллий ОАВни сифат жиҳатдан юксак даражага кўтаради, – деди Г.Бобожонова.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бўлим бошлиғи А.Кан ўз чиқишида Ўзбекистонда сўнгги икки йил ичида сўз эркинлигини таъминлаш борасида улкан ўзгаришлар амалга оширилганини қайд этди. Қонунчилик соҳасидаги ўзгаришлар, ОАВни рўйхатга олиш соҳасидаги қатор ишлар, рўйхатдан ўтказиш жараёнининг бюрократик тўсиқларга барҳам берувчи электрон шаклга ўтказилиши таъкидланди. Мамлакатимиз бўйлаб фаолият юритувчи ва ҳукуматни жамиятдаги мавжуд муаммолардан хабардор қилишга қаратилган Президент ва давлат органлари раҳбарларининг виртуал қабулхоналари ижобий намуна сифатида эътироф этилди. Шу муносабат билан давлат органларига келиб тушган ҳар бир мурожаатни ўрганиш вазифаси юклатилган бўлиб, бундай ислоҳотлар бугунги кунда асосий вазифаси замон билан ҳамнафас бўлиш бўлган ҳукумат учун ошкоралик масаласининг долзарблиги ҳисобланиши шубҳасиз.
– Миллий ахборот ресурслари ўсиш ва ривожланиш даврини бошидан кечираётган бир пайтда журналистлар малакасини ошириш ушбу соҳадаги ишларнинг алоҳида йўналиши ҳисобланади, – деди А.Кан. – Ўзбекистонда ОАВ соҳаси яхлитлигини таъминлаш ва уни ислоҳотлар билан янада кенг қамраб олиш учун ёш кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам долзарб. Шундан келиб чиқиб, 2018 йил май ойида алоҳида олий таълим муассасаси – Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди. Унда бакалавриат ва магистратура йўналишларида кадрлар тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Анжуман давомида ўз-ўзини тартибга солиш соҳасида турли мамлакатлар ўртасида тажриба алмашилди, бу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш ва давом эттириш мақсадга мувофиқ. Бугун ўз-ўзини тартибга солишнинг талай механизмлари мавжуд бўлиб, одоб-ахлоқ қоидаларини такомиллаштириш ҳам бу борада мустақил восита бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ҳар бир фойдаланувчи ахборот муаллифи ва ҳаммуаллифига айланиши мумкин бўлган фойдаланувчилар контенти ортиб бораётган ҳозирги шароитда бу масала янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу жиҳатдан, аҳолининг ОАВ ролини англаб етишга нисбатан медиасаводхонлигини ошириш ғояси замонавий ахборот алмашинувини тартибга солишда муҳимдир.
Конференция резолюцияси сифатида рақамлаштириш даврида сўз эркинлиги, ахборот сифати ва ОАВ плюрализми, ўз-ўзини тартибга солиш ва фактчекинг, медиасаводхонлик масалалари, “нафрат тили“ деб номланган бешта мавзуга доир блокдан иборат “Дастлабки тавсиялар“ номли ҳужжат ишлаб чиқилди. Ҳужжатнинг электрон талқини билан ЕХҲТ сайти (www.osce.org)да танишиш мумкин.
Нозима Муратова,
Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Интернет-журналистика ва ижтимоий медиа факультети декани.