Ўқиш ва халқаро имтиҳон тизимлари бўйича имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш тартибларидан хабарингиз борми?

Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга ўқиш ва имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тўғрисида 2021 йил 13 апрел куни ВМ 209-сон қарор қабул қилинди ва маъмурий регламент тасдиқланди.

Ушбу Регламент халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга ўқиш ва имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.

Бунда ариза берувчи исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларига мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Сўровномани электрон тарзда тўлдирилади ва қуйидаги ҳужжатларни электрон тарзда илова қилади: имтиҳон топшириш харажати тўланганини тасдиқловчи тўлов квитанцияси (пдф форматда), махсус сертификат (пдф форматда).

Ўн олти ёшга тўлмаган шахс номига берилган сертификат бўйича компенсация тўлаш ҳақидаги ариза:

• ўн олти ёшга тўлмаган шахснинг ота-онаси томонидан берилса — ўн олти ёшга тўлмаган шахснинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан интеграциялашган маълумотлар базаси орқали текширилади;

• ўн олти ёшга тўлмаган ҳамда ота-онаси бўлмаган шахснинг қонуний вакили томонидан берилса — унинг қонуний вакиллигини тасдиқловчи ҳужжат (пдф форматда) ариза берувчи томонидан тақдим этилади.

Хизмат кўрсатувчи орган Ёшлар ишлари агентлиги. Хизмат кўрсатиш муддати 30 кун ва бепул хизмат кўрсатилади.

Шахнозахон Ганиева, Марғилон шаҳар адлия бўлими Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси.