Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражаси қандай аниқланади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.09.2020 йилдаги 592-сонли қарорига асосан «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқланган бўлиб, ушбу низомда давлат хизматларини кўрсатиш регламенти белгилаб ўтилган.

Низомга кўра, ариза берувчи Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)да рўйхатдан ўтган ҳолда ёки давлат хизматлари марказларига келган ҳолда сўровнома юборади.

Ваколатли орган ҳужжатларни қабул қилиб олганидан сўнг дарҳол синов имтиҳони ўтказиш вақти кўрсатилган маълумотномани талабгорга электрон тарзда юборади. Ҳужжатлар қабул қилиб олинганидан сўнг бир ой муддатда Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича имтиҳонларни ўтказади.

Имтиҳон ўтказилганидан сўнг уч кун муддатда Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича имтиҳон натижаларини эълон қилади.

Имтиҳон натижалари эълон қилингандан сўнг уч кун муддатда имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган талабгорларга белгиланган шаклдаги давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификати берилади.

Хизматдан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фойдаланишади.

Шахноза Ганиева, Марғилон шаҳар Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси.