Электрон рақамли имзо (ЭРИ) – бу электрон ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш имконини берувчи технологиядир. У қоғоз ҳужжатлардаги қўл имзога ўхшаш, лекин электрон муҳитда ишлатилади. Электрон рақамли имзо очиқ ва ёпиқ калитларни олади. Ёпиқ калит имзо яратиш учун, очиқ калит эса уни текшириш учун ишлатилади. Бу маълумотларнинг хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлайди, шунингдек ҳужжатнинг муаллифлиги ва бутунлигини тасдиқлайди.
Жисмоний ва юридик шахсларга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартиботини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 10-майдаги 348-сонли қарори билан «Давлат хизматлари марказлари ёки онлайн тарзда (масофадан туриб) расмий ахборот ресурслари орқали электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти» тасдиқланган бўлиб, у давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.
Маъмурий регламентга кўра, ЭРИ калитларининг сертификатларини бериш учун юридик шахслардан ва юридик шахс ташкил этмаган тадбиркорлик субъектларидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи, жисмоний шахслардан эса 7 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Жисмоний шахсларга ЭРИ калитларининг сертификатларини беришда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма, яъни имтиёз қўлланилади.
Шахнозахон ГАНИЕВА, Марғилон шаҳар адлия бўлими Давлат хизматлари маркази Давлат рўйхатидан ўтказиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш хизматларини кўрсатиш шўбаси бош мутахассиси.