Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизми жорий этилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 сентябрдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  557-сон қарори қабул қилинди.

2024 йил октябр ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилади.

Муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “махалла – туман – вилоят – республика” даражасида ҳал этилади.

“Xotin-qizlar.uz” платформасини такомиллаштириш ҳамда доимий техник қўллаб-қувватлаш бўйича харажатлар Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг буюртманомаси асосида Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • “Xotin-qizlar.uz” платформаси ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида алмашиниладиган маълумотлар ҳамда ахборотлар рўйхати;

  • Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модулини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар режаси.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 11 сентябрдан кучга кирди.