Мустақиллик миллий ўз-ўзини англаш демак

Кишилик тарихида давлат тушунчаси билан бир вақтда истилочилик, кучли давлатлар томонидан кучсизроқ, ожизроқ давлатларни босиб олиш, қарамликка солиш тажрибаси пайдо бўлди ва айни пайтда мустақилликка интилиш, мустақил давлат тузиш, мустақил ташқи ҳамда ички сиёсий, иқтисодий сиёсат юритишга интилиш жараёни вужудга келди.

XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб истилочилик атамаси тескари трансформацияга учради, мазмун-моҳиятини ўзгартирмаган холда унинг шакллари ўзгарди, ҳудудий истило ўрнини сиёсий, иқтисодий ва маънавий қарамликка солиш эгаллади. Истило бирон-бир ҳудудни босиб олиш эмас, балки ўзга давлатлар жамиятлари аъзолари онги ва дунёқарашини эгаллаб олиш, истилочи давлат урф-одатлари, муносабат усуллари, маданиятини тарқатиш кўринишида амалга оша бошлади ва бу жараёнда чегара тушунчасининг ўзини инкор қиладиган ахборот узатиш воситалари беқиёс аҳамиятга эга бўлиб қолди.

 Шу билан бирга инсоният учун азалий қадрият ҳисобланган кўплаб тушунчалар трансформацияга учради, шаклини сақлаган холда унинг мазмун-моҳиятига зарарли, бузғунчи ғояларни жойлаш, ижтимоий онгни довдиратиш, чалғитиш амалиёти кенг тарқала бошлади. Шу йўл билан сиёсий луғатда ўйинчи давлатлар, деб аталадиган давлат ўйин сиёсати орқали турли жамиятлар фуқаролари, асосан ҳали ахлоқий ва маънавий етуклик даражасига эришмаган ёшлар онгига ўз дунёқарашини сингдириб, уларнинг қадриятлари йўналишини ўзгартиришга, ўзларининг ихлосмандларига айлантиришга, маънавий қарамликка солишга интилишмоқда.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича сўнгги йилларда бутун дунё бўйлаб этник парадигманинг тез ўсиши кузатилмоқда, дунёнинг турли бурчаклари давлатлар ва миллатлар янгича истилочилик, сиёсий, иқтисодий ва маънавий қарамликка қарши миллий ўз-ўзини англаш, ватанпарварлик туйғуси билан қаршилик кўрсатишмоқда. Шундай бир хулоса пайдо бўладики замонавий ахборот жамиятида, хоҳлаган ғояни дақиқалар ичида дунёнинг истаган нуқтасига етказа олиш имконияти шароитида мустақилликни қўлга киритишдан кўра уни сақлаб туриш тобора мушкул вазифага айланиб қолмоқда.

Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида бошланган сиёсий ва иқтисодий жараёнлар собиқ иттифоқнинг парчаланиши ва иттифоқчи республикаларнинг сиёсий мустақилликка эришишларига сабаб бўлди. Мустақилликка эришган Ўзбекистон учун ҳам энг қийин давр шундан бошланди. Бир неча ўн йиллар давомида шаклланиб, мустаҳкамланган иқтисодий занжирнинг узилиши иқтисодий тангликка, ишлаб чиқаришнинг издан чиқишига сабаб бўлди, миллионлаб фуқароларни иш, барқарор даромад билан таъминлаб келган корхоналар тўхтаб қолди, қашшоқлик авж олди, очарчилик хавфи пайдо бўлди.

Ёш, мустақил давлат томонидан амалга оширилган оқилона ижтимоий сиёсатгина бу хавфнинг олдини ола олди. Лекин асосий хатар фақат шунинг ўзи эмасди, соғлом фикрлайдиган халқимиз бу қийинчиликлар шундай бўлиши табиийлигини, улар ўткинчи эканлигини, бузилган алоқаларни тиклаш, янгиларини ўрнатиш, ишлаб чиқаришни изга солиш учун вақт кераклигини яхши англар эди, айнан шу соғлом фикр мустақил давлатнинг иқтисодий пойдеворини қуриш учун асос бўлди.

Шу йилларда мустақиллигимиз учун энг катта хатар турли сиёсий чақириқлар билан ижтимоий онгни чалғитишга уринган ички сиёсий ҳаракатлар, дўстлик, қардошлик ниқоби остида ўз ёрдамини таклиф қилган ташқи кучлар, ва энг асосийси йиллар давомида топтаб келинган диний ҳиссиётимизнинг уйғонаётганлигидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга уринган ислом ниқобидаги турли экстремистик ғоялардан келди.

Сир эмас, айни шу йиллари исломга эътиқод қилувчи Марказий Осиё давлатлари ҳудудига исломга ёт турли террористик ва экстремистик ғоялар осонлик билан тарқалди, бунга бизнинг узоқ йиллар ҳақиқий ислом оламидан узилиб қолганлигимиз, ислом ғояларини тушунтириб бера оладиган уламоларимизнинг йўқлиги ҳам сабаб бўлди, шунинг учун биз четдан келган ҳар фандай ғояни исломдан, деб қабул қилдик, ҳужраларда занжирлар орқали диний онгни заҳарлаш авж олди, натижаси кўплаб фуқароларимиз террористик ҳаракатлар қурбони бўлишди. Лекин, зукко, заковатли халқимиз тезда оқни қорадан, покни нопокдан ажрата олди, ҳақиқий ислом ғояларини тушуниб тарғиб қиладиган муҳтарам уламоларимиз диний онгимизни тўғри йўлга сола олишди. Бироқ, минг афсуски, диний онгни чалғитишга уринишлар ҳали барҳам топгани йўқ, бу таҳдидлар ҳозир ҳам давом этмоқда.

Қолаверса, турли давлатлар ёшларни йўлдан уриш, рангли инқилоблар қилиш ниятларидан қайтишгани йўқ, демократия, глобаллашув ниқоби остида бузғунчи, зарарли ғояларни глобал ахборот тўри воситасида ижтимоий онг таркибига жойлаш, психологик хуружлар авж олмоқда.

Муҳтарам Президентимиз 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги нутқларида таъкидлаганларидек “Ижтимоий тармоқлар орқали асосан четдан, баъзан ҳатто мамлакатнинг ўзида ҳам Конституция ва қонунларга зид позициялар илгари сурилаяпти, жумладан, диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, жаҳолатга ундаш ҳолатлари пайдо бўлмоқда. Бундай вазиятда жамиятда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни кучайтириш, эҳтиёткорлик ва огоҳликни ошириш лозим”.

Тарихий тажриба шундан далолат берадики замонавий глобаллашган дунёда трансформациялашган сохта демократик, умуминсоний қадриятлар ва глобаллашувнинг таҳдидларига миллий ўзига хослигини, миллий маънавий-ахлоқий қадриятларини, маданий анъаналарини, миллий таълим ва тарбия усулларини қарши қўя олган жамият, давлатгина ўзига хослигини, мустақиллигини, миллий идентикликлигини сақлаб қола олади.

Миллат сифатида ўзлигини англамаган, ватанпарварлик туйғуси уйғонмаган миллат том маънода мустақилликни ҳис қила олмайди. Алоҳида шахснинг миллий идентиклиги ўзини ўз миллати билан таққослаши, миллий ғурури, миллатпарварлиги, ўзини ўз миллатининг ажралмас аъзоси сифатида ҳис қилиши орқали амалга ошади. Муҳтарам Президентимиз юқорида кўрсатиб ўтилган нутқларида таъкидланганидек “…ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”.

Шунингдек, фуқаролар ҳулқида таҳдидларга бардошлиликни тарбиялашда атроф-муҳит билан ўзаро муносабатларнинг жамиятда қабул қилинган усуллари, ички ва ташқи омиллар таъсирида ўз ҳаракатларини ўзгартириш қобилияти, ўзи ва жавобгарлиги ўзининг зиммасида бўлган шахсий ёки ижтимоий аҳамиятга эга ҳаракатлардан иборат ижобий ҳулқ-атворни тарбиялаш муҳим ахамиятга эга.

Бундан ташқари ҳамма соҳада интизомни мустаҳкамлаш, жамият ва маданият талабларининг шахсий манфаатлардан устунлиги позициясини тарбиялаш, шахс, ижтимоий гуруҳ, миллат, жамиятни турли ёт мафкуравий таъсирлардан ҳимоя қиладиган мафкуравий иммунитетни шакллантирувчи мафкуравий тарбияни кучайтириш ҳам таҳдидларга қарши тура олиш қобилиятининг таркибий қисмларидан саналади.

Оммавий ахборот воситаларида узатилаётган ахборотни таҳлил қилиш, маънавият ва ахлоққа ёт ғоялардан тозалаш, маънавий-маърифий ҳамда мафкуравий тарғиботни шу куннинг талаблари даражасига мослаштириш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган бадиий адабиёт, шеърият, миллий ҳунармандчилик, халқ амалий санъати соҳаларини ривожлантириш соҳасидаги чора-тадбирлар миллий маданият, миллий тил, миллий характер, миллий хулқни шакллантиришга хизмат қилади.

Атаджанов Мамиржон Юсупович – Фарғона давлат универстиети психология кафедрасининг доценти.