Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиалида Агентлик Ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова ҳамда Агентликнинг Фарғона вилоят филиали раҳбари Аҳаджон Акбаровлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуман ташкилот томонидан 2024 йилнинг 8 ойи давомида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланди.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрь кунги «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5843-сонли фармони ҳамда 4472-сонли қарори билан Агентлик фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланган бўлиб, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун (08.08.2022 й.) билан Агентлик давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиши билан бир қаторда, давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул ҳамдир.
Агентликнинг Фарғона вилояти филиали томонидан юқоридаги норматив ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳисобот даврида бир қатор ишлар амалга оширилган. Филиал маълумотларига кўра, бугунги кунда Фарғона вилоятида 4 млн 60 минг аҳоли, шундан 7,6 минг давлат фуқаролик хизматчилари мавжуд бўлиб, бир давлат хизматчисига ўртача 530 нафар фуқаро тўғри келмоқда. Давлат фуқаролик хизматчиларини 5,5 минг (72,8%) нафари эркаклар, 2,1 минг (27,2%) нафари аёлларни, уларнининг умумий ўртача ёши 38 ёшни ташкил этади.
Шу куни ОАВ вакиллари учун Агентликнинг Фарғона вилоят филиали биноси бўйича пресс-тур ҳам ташкилланди.