Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Боғибанон кўчасида яшовчи Ш.О.нинг ичимлик суви таъминотида юзага келган асоссиз қарздорликдан норози бўлиб Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида ичимлик суви таъминоти йўналишида унинг хонадонига нисбатан 1 300 000 сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланаётганлиги, мазкур қарздорликнинг асоссиз эканлигини маълум қилади ҳамда ҳолатга аниқлик киритиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Ўрганиш давомида ушбу ҳолат бўйича «Фарғона сув таъминоти» АЖнинг Қўқон шаҳар филиалига сўров киритилди. Олинган расмий маълумотга кўра, истеъмолчига ҳақиқатан ҳам ичимлик суви тўловларидан 1 200 978 сўм қарздорлик мавжудлиги ҳақида огоҳлантириш хати берилганлиги, ушбу суммадаги қарздорликни келиб чиқишига эса кўрсаткичларни истеъмолчи томонидан базага киритиб борилмагани сабабли, охирги маротаба 29.07.2023 йилда киритилган кўрсаткичдан сўнг, жорий йилнинг 25 апрель санасига қадар бўлган давр оралиғида биллинг базасининг автоном-прогнозлаш алгоритми ўртача истеъмол кўрсаткичларини базага киритиб, ҳисоб-китоб қилиб келганлиги натижасида келиб чиққанлиги, ўрганиш ишлари давомида истеъмолчи томонидан тақдим қилинган сув ҳисоблагич ҳақиқий кўрсаткичларини базага киритилиши билан прогноз қилинган қарздорлик бартараф қилинганлиги маълум қилинди.
Ўрганиш ишлари давомида истеъмолчининг бугунги кун ҳолатига реал қарздорлиги 6 минг 642 сўмни ташкил қилаётганлиги қайд қилиниб, бу ҳақда унга расмий равишда маълум қилинди.